Курдистон ишчилар партияси (Туркияда террорчи ташкилот деб топилган) Истанбулда олти кишининг ўлими ва 80 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган ҳужумга алоқадорлигини рад этди, деб хабар беради «РБК».
«Тинч аҳолига ҳеч қанақасига ҳужум қилишимиз мумкин эмас», — дейилади баёнотда.
Истанбулнинг Беёғлу тумани, Истиқлол кўчасида 13 ноябрь, якшанба куни кучли портлаш содир бўлди. Бу кўча пиёдалар учун мўлжалланган бўлиб, сайёҳлар учун энг машҳур жойлардан бири саналади.У ерда Россия Бош консуллиги ҳам жойлашган. Портлашдан кейин кўча бутунлай тўсиб қўйилган.
Истанбул Бош прокуратураси воқеани теракт сифатида баҳолади. Sabah газетасининг полицияга таяниб хабар беришича, портлашни 1999 йилда туғилган Сурия фуқароси Аҳлам Албашир амалга оширган, агентлик маълумотларига кўра, у сўроқ пайтида Курдистон ишчилар партияси билан алоқадорлигини тан олган.
Воқеа муносабати билан бир қатор давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам Туркияга ҳамдардлик билдирди. Шу билан бирга, Анқара Вашингтоннинг ҳамдардлигини қабул қилмади.
Изоҳ (0)