Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Франция президенти Эммануэль Макрон Украинада ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини қайта бошлашга чақирди. Улар бу ҳақда Индонезиянинг Бали оролида G20 саммити бошланиши олдидан бўлиб ўтган музокаралар чоғида айтди.
Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, Хитойнинг Украина инқирози бўйича позицияси аниқ ва изчил. У ўт очишни тўхтатиш, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини қайта бошлаш тарафдори. «Халқаро ҳамжамият бунинг учун шароит яратиши керак, Пекин ўзининг конструктив ролини давом эттиради», — деб қўшимча қилди Хитой раҳбари.
Макрон, ўз навбатида, Си Цзиньпиндан Россия президенти Владимир Путинни Украина бўйича музокаралар столига қайтаришни сўради, деб ёзади Le Monde.
«Асосий халқаро муаммоларга бир вақтда жавоб бериш учун кучларимизни бирлаштириш зарур, сиз иқлим муаммосини тилга олдингиз, шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатлар каби халқаро инқирозларга ҳам тўхталиб ўтиш зарур», — деди Франция раҳбари.
Россиянинг Украинадаги босқини бошланганидан бери Хитой нейтрал позицияни эгаллаб келмоқда. Мамлакат Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлади, бироқ Россияга қарши санкциялар киритмади. Сентябрь ойида Хитой ташқи ишлар вазири томонлар ҳеч қандай шартларсиз музокараларни давом эттириши кераклигини айтган эди. Унинг фикрича, иккала томон ҳам можарога барҳам бериш шартларини муҳокама қилиши керак.
Макрон, ўз навбатида, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери Путинга бир неча бор қўнғироқ қилиб, уни ўт очишни тўхтатишга чақирди. AFP Елисей саройининг юқори мартабали вакилига таяниб, Франция президенти G20 дан кейин россиялик ҳамкасбига қўнғироқ қилмоқчи эканини хабар қилган.
Изоҳ (0)