Фарғона вилояти ИИБ 15 ёшли ўсмирнинг ўлими ортидан тайинланган хизмат текшируви якунланганини маълум қилди.
Аввалроқ Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ётоқхонасида вояга етмаган Р.А. тан жароҳати етказиши оқибатида вафот этгани бўйича икки нафар ходим ИИО хизматидан бўшатилганди. Улар навбатчилик қилган кунда тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмаган.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, ИИВ тегишли хизматлари томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра, ушбу марказ бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун уч нафар ходимга ҳайфсан интизомий жазоси тайинланган. Тўрт нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланди.
Марҳумнинг ўлими тафсилотлари
15-ёшли бола ўлими юзасидан аввалига 8 нафар вояга етмаган бола гумонланаётганди. Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов мобайнида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчи марҳум Р.А.ни уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган тан жароҳатлари етказгани аниқланди ва улар қамоққа олинди.Болалар омбудсмани бўлиб ўтган воқеа назоратга олинганини ва боланинг вафотида айбдор бўлган шахсларга нисбатан суд томонидан қонуний жазо берилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)