Афғонистонда «Толибон» ҳукумати аёлларнинг истироҳат боғларига ташриф буюришини тақиқлаб қўйди, деб ёзади Deutsche Welle.
Афғонистон «ахлоқ полицияси» мамлакатдаги барча истироҳат боғларига аёлларни киритмасликни буюрди. Бу тақиқ афғон аёллари учун аллақачондан буён амал қилиб келаётган бошқа бир қатор чекловлар қаторига қўшилди.
Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги вакили аёлларнинг истироҳат боғларига боришига рухсат берилмаслигини тасдиқлади. Мамлакатда боғлар бўйича иккита оператор толиблар уларга аёлларни киритмасликни буюрганини маълум қилди.
Таъкидланишича, эзгулик вазирлигининг бундан аввалроқ жорий этилган қоидаларига мувофиқ, боғлар эркаклар ва аёллар ташриф буюриши учун алоҳида-алоҳида қисмларга бўлинган ёки аёллар учун баъзи кунлар ажратиб қўйилган. Бу қоида умуман олганда барча жамоат боғлари, шу жумладан, очиқ майдонлар ҳамда жамоат ҳаммомлари учун ҳам амал қилган.
«Толибон» ҳукумати аёлларнинг ишлаш ва ўқиш ҳуқуқларини чеклаб қўйган. Қизларнинг мактабларга боришига ва аёлларнинг ишлашига рухсат берилмайди. Шу билан биргаликда, қонунларга кўра, аёллар кўчада юзларини тўлиқ ёпишлари керак ва эркакциз уйдан чиқишга ҳақли эмаслар.
Ҳозирча дунёнинг ҳеч бир давлати «Толибон» ҳукуматини тан олмаган.
Халқаро ҳамжамиятнинг «Толибон»ни тан олиш шарти мамлакатда инклюзив ҳукуматни шакллантириш, шунингдек, аёллар ва қизларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлади.
Изоҳ (0)