Туркманистонда мамлакат биринчи президенти Сапармурат Ниязов (Туркманбоши) ва унинг онаси Гурбансолтан эже шарафига номланган бир қатор қишлоқ ва шаҳарлар номлари ўзгартирилди, деб ёзади Asia Plus.
Хусусан, Дашогуз вилоятининг Гўрўғли туманида Сапармурат Ниязов номидаги қишлоқ Бедиркент, Ғаллачи қишлоқлар бирлашмасидаги Сапармурат Ниязов номли қишлоқ — Ғаллачи, Сапармурат Ниязов тумани ва унинг Ниязов шаҳри эса Шават деб қайта номланди.
Гурбансолтан эже туманидаги Гурбансолтан эже шаҳрига Андалип номи берилди, туманнинг ўзи тугатилди. Сахра посёлкасидаги Гурбансолтан эже қишлоғи номи эса Екетут деб ўзгартирилди.
Туркманистоннинг Болқон туманидаги Сердар шаҳри ва тумани Гизиларват деб қайта номланди.
Туркманистоннинг маъмурий-ҳудудий бўлиниши бўйича шу ва бошқа қарорлар ҳақида Туркманистон парламентининг Халқ маслаҳати палатаси мажлисида эълон қилинди, у Гурбангули Бердимуҳамедов раислиги остида ўтказилди.
Сапармурат Ниязов 1991 йилдан 2006 йилгача, вафотига қадар, Туркманистон президенти бўлган. У Туркманбоши унвонига эга бўлган, шунингдек, Сердар (Сардор) ва Абадий Буюк Сапармурат Туркманбоши деб ҳам аталган. 1999 йилда у расман абадий президент деб эълон қилинган.
Изоҳ (0)