2022 йил учун Ўзбекистон ЯИМнинг прогноз қилинган реал ўсиш суръатларини янгиланди. Бу ҳақда «Дарё»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
2022 йилнинг учинчи чорагида ҳафталик ЯИМ динамикасининг ўсиш тенденцияси давом этиб келмоқда. Бундай ҳолат жорий йилнинг иккинчи чорагида ҳам кузатилганди.
2022 йил 3—4-чоракларида ўсиш тенденциясининг ортиб бориши 1-ярим йиллик кўрсаткичларига нисбатан йиллик ҳисобда ЯИМнинг камида 0,75 фоизга ошишига олиб келиши кутилмоқда.
1-чоракдаги сезиларли пасайишдан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ўсиши, хизмат кўрсатиш соҳасида ишбилармонлик фаоллиги ва давлат ёрдамининг ошганлиги билан боғлиқ.
Хусусан, товар ва хизматлар ташқи савдо айланмаси август ва сентябр ойларида мос равишда 14 фоиз ва 12 фоизга ошди.
Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаоллик сезиларли даражада ошди, буни «бизнес ва саноат» (14,5 фоизга ўсиш) ва «дам олиш ва ҳордиқ» (9,7 фоиз) каби тоифалар бўйича интернет сўровлари кўпайгани кўрсатмоқда.
Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, 3-чорак якуни бўйича ЯИМ ўсиш прогнози 5,81 фоизни ташкил этмоқда (прогноз диапазони 5,78—5,83 фоиз даражасида белгиланди).
Шу билан бирга, марказ прогнозига кўра, қисқа муддатда иқтисодий ўсишда сезиларли тебранишлар кутилмаяпти, чунки фундаментал иқтисодий омиллар барқарорлигича қолмоқда.
4-чоракда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари 2022 йилнинг 3-чораги даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда. Жорий йилнинг август ойида 2022 йил учун марказ томонидан эълон қилинган аввалги ЯИМ ўсиши прогнози 5,77 фоиз эди.
Изоҳ (0)