Сентябр ойида Туркиянинг марказий ҳукумат бюджети харажатларнинг ошиши ва корпоратив солиқ тушумларининг камайиши натижасида камомадга учради. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Туркия Ғазначилик ва Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ҳукумат сентябрда ойлик 78,6 миллиард лира (4,2 миллиард доллар) молиявий тақчилликка дуч келди.
Бу жорий йилдаги энг катта камомад. Август ойида солиқ тушумларининг ортиши туфайли бюджет 3,6 миллиард лира профицит билан чиққан эди.
Бундан ташқари сентябрь ойида давлат даромадлари 206,9 миллиард лира бўлиб, ўтган ойга нисбатан камайган, лекин ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,1 фоизга ўсган.
Давлат солиқ даромадлари 173,4 млрд лирани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 81,4 фоизга ошган.
Туркиянинг январь—сентябрь ойларидаги бюджет камомади 45,5 миллиард лирага етди. Мамлакатда тарихдаги энг йирик инфляция қайд этилмоқда.
Аввалроқ санкциялар фонида Туркиянинг Россияга экспорти янги рекорд даражага кўтарилган эди.
Изоҳ (0)