14 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан умри давомида ирқчиликка қарши фаол курашган Мартин Лютер Кинг, Кариб инқирозининг бошланиши ва Артур Конан Дойл томонидан Шерлок Ҳолмс ҳикоялари ёзилишига оид фактлар ўрин олган.
«Бу миллат бирор кун қаддини ростлаб олишига ишонаман»
1964 йилнинг 14 октябрь куни Мартин Лютер Кинг тинчлик бўйича Нобель мукофотига лойиқ кўрилган эди. Ирқчиликка қарши курашган Кингнинг ҳаёти қандай кечганди? У нима сабабдан ўлдирилган эди? Қуйида шу ҳақда баён қиламиз.Мартин Лютер Кинг 1929 йилнинг 15 январида Жоржия штатининг Атланта шаҳрида дунёга келган. 18 ёшга тўлганида Мартин роҳиб мартабасига эга бўлиб, Атлантадаги баптистлар (протестантлик йўналишларидан бири — таҳр.) черкови руҳонийсига айланади. Мартин Лютер Кингнинг исми биринчи марта 1956 йилда кенг оммага танилади, ўшанда у Алабама штатидаги ирқчилар ҳаракатига қарши оммавий маршга бошчилик қилганди.
Кинг олий маълумотли ва заковатли инсон бўлгани боис ирқий камситишларда АҚШдаги ўткир тенгсизлик ва ижтимоий муаммоларни кўрган. Мартин бир неча бор ирқчилик дея баҳолаган ҳолатларига иш ташлашларни ташкил этишда ва қонун бузишда айбланиб, ҳибсга олинган.
1957 йилнинг январида Кинг афро-америкалик аҳолининг фуқаролик ҳуқуқлари учун курашиш мақсадида тузилган «Жанубий христиан етакчилик конференцияси» ташкилоти раҳбарлигига сайланган. 1960 йилда Кинг Жаваҳарлал Нерунинг таклифига биноан Ҳиндистонга ташриф буюриб, Махатма Ганди таълимотини ўрганган.
Ўз чиқишлари билан у тенгликка тинч йўл билан эришишга чақирган. Унинг нутқлари жамиятга фуқаролик ҳуқуқи ҳаракатлари учун энергия берган — маршлар, иқтисодий бойкотлар, қамоқхоналарга оммавий кетишлар бўлган.
Кингнинг энг машҳур нутқи — «Менинг орзум бор»ни 1963 йилда Вашингтондаги маршда сўзлаган. Ўшанда тинч ўтказилган норозилик намойишига 200-300 мингга яқин одам Линколн мемориали олдига тўпланган эди.
«Бир кун келиб бу миллат қаддини ростлаб, ўз тамойилининг асл маъносига кўра яшашини орзу қиламан: ‘Биз барча инсонлар тенг яратилгани аниқ деб биламиз’… Менинг тўрт фарзандим тери рангига қараб эмас, балки шахсий фазилатларига кўра баҳоланадиган юртда яшайдиган кун келишини орзу қиламан», — деган эди Кинг.
Кингга нисбатан биринчи суиқасд 1958 йилнинг сентябрида амалга оширилган. Гарлемда у ўзининг «Озодликка қадам» номли китоби тақдимотини ўтказган ва китоб нусхаларига имзо чекаётган бўлган. Шу вақт қора танли аёл келиб, унга қоғоз кесадиган пичоқ билан ташланган ва санчиб олган. Аёл зудлик билан қўлга олинган, тинтув вақтида полициячилар унинг сумкасидан пистолет топган.
Пичоқ учи Кингнинг аортаси ёнидан ўтиб кетган. Уч соат давомида амалга оширилган жарроҳлик амалиётида биргина нотўғри ҳаракат унинг ўлимига сабабчи бўлиши мумкин эди. Аммо операция муваффақиятли ўтган ва ўн кундан кейин Кинг суиқасддан кейинги биринчи матбуот анжуманини ўтказган. Ўшанда у «ўзига пичоқ санчган миссис Изола Каррига нисбатан ҳеч қандай қаҳрни» ҳис қилмаётганини ва «одамлар унга шубҳасиз ёрдам кўрсатишига» умид қилишини айтган. Аёл руҳий касаллар шифохонасига юборилган.
1968 йилнинг март ойида Кинг Мемфисга (Теннесси штати) бориб, у ерда чиқинди ташувчи қора танли ишчиларнинг иш ташлашини қўллаб-қувватлаган. Ишчилар 1968 йилнинг 11 февраль куни тенг тўланмаётган иш ҳақи ва иш шароитига норозилик билдириб, намойиш ўтказган. У вақтларда қора танли ишчиларга оқ танлиларга нисбатан анча кам ҳақ тўланган. Бундан ташқари, қора танлилар ноқулай об-ҳаво сабаб уйида қолгудек бўлса, оқ танли ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ ўша кунга маош олмаган. Шу боис қора танли ишчилар турли бўрон ва ёғингарчиликларда ҳам ишга чиқишга мажбур бўлган.28 март куни Кинг норозилик маршига бошчилик қилади, бироқ у полиция томонидан куч ишлатилган ҳолда тарқатиб юборилади. «Агарда мен зўравонлик содир бўлишини билганимда, ушбу маршни бекор қилган бўлардим», — дея афсусланган Кинг.
Янги марш апрель ойига режалаштирилган. 3 апрель куни Кинг яна Мемфисга йўл олган. Самолёт кечиб ҳавога кўтарилган. Парвоздан олдин учувчи йўловчилардан узр сўраган: «Сизлардан кечирим сўрайман, гап шундаки, биз билан доктор Мартин Лютер Кинг учмоқда. Шу сабабли барча юкларни текширишга мажбур бўлдик. Самолётга ҳеч нарса бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун барчасини яхшилаб текширдик. Парвоздан олдин кечаси билан самолёт яхшилаб қўриқланган».
Кечаси Мемфисдаги черковда сўзга чиққан Кинг буни эслаб, овоз чиқарган ҳолда ҳаёт ва ўлим ҳақида мушоҳада қила бошлаган:
«Мана, мен Мемфисга етиб келдим. Бу ерда менга таҳдид борлигини, носоғлом оқ танли иниларимиз менга бирор нарса қилиши мумкинлигини айтишмоқда. Энди нима содир бўлишини билмадим. Олдинда бизни оғир кунлар кутиб турибди… Ҳамма қатори мен ҳам узоқ умр кўришни хоҳлайман. Узоқ умр кўришнинг ўзига яраша афзалликлари бор. Аммо ҳозир мени бу ташвишга солмаяпти. Фақатгина Худонинг иродасини амалга оширсам дейман. У менга тоғга кўтарилиш имконини берди. У ердан ваъда қилинган ерни кўрдим. Балки у ерга сизлар билан бирга тушмасман, аммо биз халқ сифатида ушбу ваъда қилинган ерга эришамиз. Мана, бугун кечаси мен бахтлиман. Мени ҳеч нарса ташвишга солмаяпти. Ҳеч кимдан қўрқмайман…».
Кинг одатда қора танлиларга тегишли даҳалардаги меҳмонхоналарда тунаш учун қолган. Бу сафар ҳам у шундай йўл тутиб, тадбиркор Уолтер Бэйлига тегишли «Лорейн» мотелида тўхтаган. 4 апрель кун бўйи Кинг хонасидан чиқмай, ишлари билан шуғулланган. Уни ва ёрдамчиларини маҳаллий руҳоний кечки овқатга таклиф қилган. Кинг номеридан чиққан ва зинада дўсти Ралф Абернетлини кутиб қолган.
Меҳмонхона олдидаги автотураргоҳда Кинг кечки овқатда мусиқа чалиши керак бўлган Бент Бранчни кўрган. «Бен, ўтиришда ‘Худойим, мени қўлимдан тутъни ижро этиб бергин. Мен учун имкон борича яхшироқ чалгин», — деган. Шундан сўнг у чалқанчасига йиқилган.
Милтиқдан узилган ўқ унинг ўнг бўйнидан кириб, бўйин умуртқасини ва пастки жағини ёриб чиқиб кетган. Бир неча дақиқа ичида у операция столига етказилган, бироқ Кингнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Кинг ўлдирилганидан икки ой ўтгач, Лондонда Жеймс Эрл Рей ҳибсга олинган. Судья чин кўнгилдан пушаймон бўлса, унинг жасозини енгиллатишга ваъда берган, бироқ 99 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ҳукм ўқилиши билан у Кингни ўлдирмаганини маълум қилган.
Кариб инқирози бошланган кун
1962 йилнинг 14 октябрида АҚШга тегишли разведкачи самолёт Кубада совет ракеталарини пайқаб қолади. Бу Кариб инқирозининг бошланиши эди. Айнан шу сабаб СССР ва АҚШ ядровий уруш ёқасига келиб қолганди.«Анадир» номли операциянинг мақсади махфий равишда АҚШ ҳудудига етиб борадиган ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни Кубага жойлаштириш бўлган. СССРнинг ўша вақтдаги раҳбари Никита Хрушчёв ушбу ҳаракатларни Америка томонидан Туркияда «Юпитер» ракеталари жойлаштирилганида жавоб сифатида амалга оширган.
«Анадир» — Чукотка автоном округининг маъмурий пойтахти номи бўлиб, операцияга маскировга учун берилган ва ҳарбийлар ҳам кемалар Кубага яқинлашганида хабар топган: «Қаерга кетаётганимизни билмас эдик. Операция номи ‘Анадир’ эди. Чанғилар, қалин қалпоқларни ўзимиз билан оволгандик. Ла-Маншдан ўтганимизда пакетни очишди ва унда Куба ҳақида тарихий маълумотнома бор эди, холос. Қоғозда кейинги пакетни қачон очиш кераклиги ёзилганди. Саргас денгизида қайси портга боришимиз кераклигидан хабар топдик», — дея эслайди ўша вақтдаги воқеалар иштирокчиси, кейинчалик СССР мудофаа вазирига айланган Дмитрий Язов.
Кемаларда ўрта масофага мўлжалланган Р-12 баллистик ракеталари яширин равишда Кубага етказилган, бироқ Америка разведкачи самолёти томонидан тезда аниқланган. Жаҳл отига минган АҚШ президенти Жон Кеннеди Кубани денгиздан қамалга олган, америкалик ҳарбийлар президентга ракеталарни ҳаводан йўқ қилиш ёки Кубага қарши кенг кўламли операция бошлашни маслаҳат берган. Бироқ совет кемаларининг оролга келишига қаршилик кўрсатиш мақсадида қамал билан чекланиш бўйича қарор қабул қилинган.
Қамалнинг ўзи де-факто уруш акти ҳисобланса-да, америкалик ҳарбийлар президент буйруғисиз ўт очмаслиги керак эди. Шу билан бирга, Кеннеди халққа мурожаатида зарурат туғилса, СССР ҳаракатлари «ҳар қандай воситалар билан тўхтатилишини» маълум қилган.
Америкалик тадқиқотчи Пол Берн ўзининг «Куба ракета инқирози: уруш остонасида» номли китобида совет ракеталари жанговар шай ҳолатга келтирилганда, «Улар Америка шаҳарларини бир неча дақиқада йўқ қилиб ташлаши мумкин эди. Ҳатто Вашингтон ҳам хавф остида эди. Нақадар узоқда деб ўйланган Совуқ уруш Америка остонасида турарди».
СССР раҳбарияти эса бу вақтда Кубага ракеталар юборилганини рад этган. Совет Иттифоқининг БМТдаги доимий вакили Валериан Зоринга савол берилганида, унинг ўзи ракеталар жойлаштирувидан хабардор эмаслиги аён бўлган ва ноқулай вазиятга тушиб қолган. Ракеталар Кубага жойлаштирилганини яхши билган СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громико Кеннеди билан суҳбатда юқоридаги гапларни қайтарган.
Кеннеди рад этиб бўлмас далилларга — Озодлик оролидаги ракеталар жойлашган ҳудуд фотосуратларига эга эди. Америка томони Зориннинг чиқишидан кейин БМТда айнан шуларни намойиш этган. Тарихчиларнинг таъкидлашича, АҚШ томонидан куч ишлатилиши дунёни ядровий уруш ёқасига олиб келиши керак бўлган. 1962 йилнинг октябрь охирларида Кубанинг шарқий қисмида Американинг У-2 разведкачи самолёти уриб туширилган, бу эса вазиятни янада кескинлаштирган.
Таъсирчан Никита Хрушчёв ҳам буни яхши тушунган ва Кеннедига мактубида муросага келиш имкониятлари ҳақида гапирган. АҚШ Туркиядаги ракеталарини олиб кетса, шунингдек, Кубага ҳужум уюштирилмасликка ваъда берса, ўз ракеталарини олиб кетишини билдирган. АҚШ ҳам муросани танлаган ва 13 кун давом этган инқироз ҳал этилган эди.
Конан Дойл Шерлок Ҳолмсни нега ўлдирган эди?
Айнан Шерлок Ҳолмс ва унинг ҳамкасби доктор Вацон ўз яратувчисининг номини тарихга муҳрлаган. Улар энг кўп экранлаштирилган қаҳрамонлар сифатида ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган — 210 дан ортиқ фильм ва сериаллар.Ҳолмс камбағал шифокор Конан Дойлни сайёрада энг кўп ҳақ тўланадиган ёзувчига айлантирган. Шу сабабли Дойл ўзининг қаҳрамонини ёмон кўрганига ва Гоголнинг Тарас Булбаси каби «Ўзим дунёга келтирдимми, ўзи ўлдираман!» қабилида йўл тутганига ишониш қийин. У Шерлокни Швейцариядаги Рейхенбах шаршарасидан «улоқтириб юборган». 1988 йилда «ҳалокат» жойига изқуварга атаб биринчи ҳайкал ўрнатилган. Кейинроқ бу турдаги ҳайкаллар Лондон, Эдинбург, Москва ва бошқа шаҳарларда ҳам пайдо бўлган.
Рассом ўрнига шифокорликни танлаган
Юмшоқ қилиб айтганда, Конан Дойл ношуд фарзанд бўлган. Унинг қариндошлари йигитча оилавий анъанани давом эттиришига умид қилган. У отаси, бобоси ёки онасининг амакиси Майкл Эдвард Конан каби таниқли рассом бўлиши керак эди.
Аммо йигитча коллеждан кейин Эдинбург университети Тиббиёт факультетига ўқишга кирган. У ерда Дойл Жеймс Барри (Питер Пен ҳақидаги ҳикоялар муаллифи) ва Роберт Льюис Стивенсон («Хазиналар ороли») каби бўлажак машҳурлар билан танишган. Учинчи босқичда ўқиб юрганида Артур журналда ўзининг биринчи «Сесасс водийси сири» номли ҳикоясини чоп эттирган. Қалам ҳақига берилган уч гинея унинг учун яхшигина рағбатга айланган. Оила қашшоқликда кун кечирар, рассом ота эса ичкиликка ружу қўйганди.
Тиббиёт бакалаври дипломини олган Конан Дойл шифокорлик амалиёти билан шуғулланган, оила қурган. Аммо тиббиёт кам даромад келтирган, оилавий бюджетни янги ҳикояларга тўланган гонорарлар қоплаб келган. «Уйланганимдан бир йил ўтиб, бир умр ҳикоя ёзсам ҳам, машҳурликка эришмаслигимни тушуниб етдим. Бунинг учун китоб муқовасида исмингиз бўлиши керак экан», — дея тан олган у ўз автобиографиясида.
Шуҳратпараст ёзувчи «Жон Смит тарихи» романини ёзиб, уни нашриётга юборган, аммо қўлёзма почтада йўқолиб кетган. У қарийб икки йил давомида Диккенсга тақлид қилиб «Гердлстондаги савдо уйи» романини ёзган. Бу сафар почта яхши ишлаган. Аммо барча нашриётлар қўлёзмани «зерикарли» дея қайтарган. Муаллиф уни бир неча йилдан кейин, машҳурликка эришганида чоп этишга муваффақ бўлган.
Қаҳрамонлар прототипи ким эди?
Бу орада 26 ёшли Артур эътиборини халқ орасида оммалашиб бораётган детектив жанрига қаратади. Ғарбда ушбу жанрнинг асосчиси Эдгар По эди. Шерлок Холмс пайдо бўлган сана аниқ маълум. 1866 йилнинг 8 мартида доктор «Чигал ўрам» повестини бошлайди. Узоқ Америкада бу вақтда кўп хотинли мормонлар яхши бир инсоннинг келинини ўлдиради. Узоқ йиллардан кейин жабрланувчи Англияда уларни топади ва ўлдиради. Полиция жиноятчини топишга қодир эмас. Буни консултант-изқувар Шеридан Ҳоуп (Ҳоуп — «умид» дегани бўлиб Артур талабалигида Арктикада шу номли кемада сузган) амалга оширади. Воқеани унинг дўсти доктор Ормонд Сакер ёзиб олган. Апрель ойида якунланган қисса «Арғон жилоли этюд» номини олган. Муаллиф бош қаҳрамонлар исмини ҳам ўзгартирган — Шерлок Ҳолмс ва доктор Вацон.
Коллежда Конан Дойлнинг Патрик Шерлок исмли курсдоши бўлган. Артур айнан унинг исмидан фойдаланган. Фамилияни эса америкалик шифокор Оливер Вендалл Ҳолмсдан олган. Ҳолмс ўша йили АҚҲдан Британияга Эдинбург университетининг фахрий даражасини олиш учун келганди.
Докторга исм топиш эса жуда осон кечган. Портмут адабий жамиятида Артур билан Жеймс Вацон ҳам бўлган. «Лаби тиртиқ одам» ҳикоясида бекорга хотини уни Жеймс деб чақирмайди.
Конан Дойл ҳикояларини тўплаб алоҳида китоб шаклида чиқариш ва бу орқали мўмайгина пул ишлаб олиш ниятида бўлган. Афсуски, учта нашриётнинг барчаси унинг биринчи ҳикоясини чоп этишдан бош тортган. Тўртинчиси қўлёзмани қабул қилган. Фақат бир йилдан кейин чоп этиш шарти билан, чунки бозода арзон адабиёт кўп бўлган. Артурга 25 фунт тўлашни ваъда қилишган. Ўз исми муқовада туришини истаган Конан Дойл бундай арзон нархга рози бўлган. Қисса бошқа муаллифлар номи билан бирга чоп этилган ва у машҳурликка эришмаган.
Конан Дойлга машҳурлик кейинги йилда келган. Британияда детективга ихтисослашган Strand Magazine журнали ёзувчини хусусий изқувар ҳақида бир нечта ҳикоя ёзишга кўндирган. Ўқувчилар бундан ҳайратга тушган. Журнал тиражи 2,5 баробарга ошиб кетган. Муҳаррир янгидан янги детективларни талаб қилиб, яхшигина ҳақ тўлаган. Икки йилда Артур Ҳолмс ва Вацон ҳақида 24 та ҳикоя ёзган. Ўша вақтда у онасига «Охир-оқибат Ҳолмсни ўлдириш ҳақида ўйлаяпман, чунки у мени анча муҳим ишлардан чалғитяпти», дея тан олган. У классик бўлишни, жиддий романлар муаллифига айланишни истаган. Она эса «Бунга ҳаддинг сиғмайди!», дея қаршилик кўрсатган.
Аммо ўғли буни амалга оширган. 1893 йилда «Ҳолмснинг сўнгги иши» ҳикояси билан катта нуқта қўйган. Олижаноб изқувар профессор Мориарти билан жангда вафот этади. Мазкур образ ҳам тасодифан пайдо бўлмаган. Коллежда болакайни ака-ука Мориартилар хафа қилиб келган. Йиллар ўтгач, у йигитлардан ўзига хос тарзда қасос олган.
Англия шокда эди. Ўқувчилар ёзувчининг уйига бостириб кела бошлаган. Улар Ҳолмс ва Вацон ҳақидаги ҳикоялар давомини талаб қилган. Миш-мишларга кўра, шахсан қиролича Виктория изқувар ҳақида гапирган. Аммо Конан Дойл саккиз йил давомида уни «тирилтирмаган».
1901 йилнинг августидан 1902 йилнинг апрелига қадар Strand Magazine «Баскервилей ити»ни чоп этган. Аммо ундаги воқеалар Ҳолмс ва Мориарти тўқнашувидан ярим йил олдин рўй берган. Мазкур ҳикоя сабаб Конан Дойл ХХ аср бошларидаги энг кўп ҳақ тўланадиган ёзувчига айланган. 1903 йилда эса «Бўш уй» ҳикояси пайдо бўлган. Унда Вацон ҳалок бўлган дўстига дуч келиб, ҳушини йўқотади…
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)