Йил бошидан бери Ўзбекистонда банклар томонидан берилган кредитлар ва товар-хом ашё биржасида тузилган битимлар ҳажми қандай ўзгаргани таҳлил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 1 январидан 30-сентябригача бўлган даврда банклар томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоизга ўсди.
Берилган кредитлар ҳажмининг ўсиши Фарғона (29,8 фоиз), Тошкент (24 фоиз), Самарқанд (17,7 фоиз), Андижон (16,1 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистонда (18,3 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (11,3 фоиз) кузатилган.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 41,3 фоизга ўсди.
Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Хоразм (60,5 фоиз), Жиззах (58,3 фоиз), Навоий (46,6 фоиз), Самарқанд (46,1 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (53,6 фоиз) кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигитлар, автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, шакар, пахта толаси, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Йил бошидан бери 70 563 та янги корхоналар ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (8 398), Қашқадарё (6 812), Фарғона (6 720), Тошкент (5 212), Хоразм (4 567) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (11 700) рўйхатга олинган.
Изоҳ (0)