Йил бошидан буён Ўзбекистондаги солиқ тушумлари ҳажми таҳлил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
Мониторинг натижаларига кўра, жорий йилнинг 1 январидан 30-сентябригача бўлган даврда мамлакатда солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,3 фоизга ошган.
Солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши Фарғона (39,5 фоиз), Самарқанд (35,4 фоиз), Сирдарё (33,2 фоиз), Хоразм (32,7 фоиз), Бухоро (32,2 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистонда (33,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (42,2 фоиз) қайд этилди.
Умуман олганда, кўриб чиқилаётган даврда солиқ тушумларининг кўпайишига бир вақтнинг ўзида бир қатор ўсиш омиллари таъсир кўрсатди.
Электрон ҳисобварақлар тизимини, онлайн касса тизимини жорий қилишни кенгайтириш ҳисобига, шунингдек аҳолига харид қийматининг 1 фоизини кэшбэк сифатида қайтариб бериш тартибининг жорий қилиниши натижасида қўшилган қиймат солиғи (даромаднинг ўсиши — 32 фоиз) ва айланмадан олинадиган солиқ (49 фоиз) тушумлари ўсди.
Иқтисодий фаолликнинг ортиши натижасида рентабеллик даражасининг ошиши субъектлар томонидан тўланадиган фойда солиғини 38 фоизга оширишига сабаб бўлди.
Изоҳ (0)