Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 51-сессиясида «Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият муҳокамаси» қарори лойиҳаси рад этилди. Уни 17 та давлат қўллаб-қувватлаган бўлса, 19 таси қарши чиқди, 11 таси бетараф қолди.

Фото: БМТ

Фото: БМТ

6 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш сессиясида 47 та қонун лойиҳаси бўйича биринчи овоз бериш бўлиб ўтди. Кенгашга Шинжон-Уйғур мухтор вилоятида инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш ва шу юзасидан махсус йиғилиш ўтказиш сўрови овоз бериш якунларига кўра, рад этилди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу лойиҳага Покистон, Қатар, Индонезия, БАА, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар қарши чиққан. Шарқий Туркистондаги мусулмонларнинг хўрланиши масаласини муҳокама қилишни Германия, Чехия, Финляндия, Польша, Жанубий Корея, АҚШ каби давлатлар ёқлаб чиқди.

Шу тариқа, Хитойнинг мусулмон аҳолиси ҳуқуқларининг бузилиши масаласи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши кун тартибига киритилмади.

2017 йил баҳоридан буён Шинжон-Уйғур мухтор тумани (Шарқий Туркистон; 1949 йилда коммунистик Хитой томонидан босиб олинган) ҳукумати туб аҳоли вакиллари, хусусан, уйғурлар, қозоқлар, дунганларга нисбатан махфий сиёсат олиб бормоқда, уларнинг кўпчилиги «қайта тарбияланиш» учун концлагерларга юборилмоқда. БМТ экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, лагерлардаги маҳбуслар сони бир миллиондан ошади. Канада, Франция, Германия, АҚШ аввалроқ Пекинни бу лагерларни ёпишга чақирганди.

Аввалроқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачалет бошқармаси Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманидаги қонунбузарликлар ҳақида маъруза эълон қилган эди. Ҳужжатда айтилишича, Хитой ҳукумати минтақада терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар доирасида инсон ҳуқуқларининг «жиддий бузилишлари»га йўл қўйган. Пекиннинг уйғурларга ва бошқа мусулмон халқларига нисбатан хатти-ҳаракатлари инсониятга қарши жиноятлар бўлиб ҳисобланиши мумкин, дея маълум қилишди БМТда.

Хитой ҳукумати маърузадаги даъволарни «Хитой душманлари томонидан тўқиб чиқарилган дезинформация ва ёлғон» деб рад этмоқда. Пекиннинг фикрича, ҳужжат Шинжонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларни ҳамда минтақа фуқаролари терроризм ва экстремизмдан кўрган зарар»ни эътибордан четда қолдиради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ҳуқуқ фаоли Нукус воқеаларида гумонланаётганлар қийноққа солинмаганини айтмоқда
Дунё
«Дарё» кундалигида 30 ноябрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Маҳаллий
Контрабанда сигареталар кўпроқ қайси вилоятлар чегараларидан олиб ўтилмоқда? Божхоначи жавоб берди