Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Владимир Путин Россия ҳудудини ҳимоя қилиш учун ядро қуролини қўллашга тайёрлигини маълум қилди. Унинг бу гапи дунёда Россия президенти Украинада кичик «тактик» ядровий портлашни амалга ошириши мумкинлиги юзасидан яна жиддий хавотирлар уйғотди, деб ёзади BBC Рус хизмати.

Тактик ядро снарядлари «Пион» каби ўзиюрар гаубицалар орқали отилиши мумкин

Тактик ядро снарядлари «Пион» каби ўзиюрар гаубицалар орқали отилиши мумкин
Фото: Russian Mod

АҚШ президенти Жо Байден Путинни огоҳлантирди ва бу Иккинчи жаҳон урушидан буён энг жиддий ҳарбий кескинлик бўлиши мумкинлигини айтди.

Россия армияси Украинада тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкинми ва бу қандай хавфларни келтириб чиқаради?

Тактик ядро қуроли нима?

Тактик ядро қуроли (ТЯҚ) — жанг майдонида қўллаш ёки чекланган ядровий зарба бериш учун мўлжалланган, кичик ядро зарядлари (уни етказиб берувчи воситалар билан бирга).

Улар катта кўламли радиоактив ифлосланишсиз, муайян ҳудуддаги нишонларни йўқ қилиш имконини беради.

Энг кичик тактик ядровий жанговар каллак қуввати тротил эквивалентда бир килотоннагача тенг, энг катталарининг қуввати эса 100 килотоннагача бўлади.

Стратегик ядро қуроли бундан анча кучли бўлиб, қуввати 1000 килотоннагача бўлиши мумкин. У каттароқ — минг километрлик масофаларда қўлланилади.

Тарихдаги энг кучли термоядровий портлаш — совет иттифоқининг «Царь-бомба»си қуввати 58 мегатоннадан кўпроқ бўлган. Хиросимага ташланган Америка атом бомбаси қуввати эса 15 килотоннани ташкил этган.

Россияда қандай тактик ядро қуроли бор?

Америка разведкаси маълумотларига кўра, Россияда тахминан икки мингга яқин тактик ядро зарядлари бор.

Тактик ядровий жанговар зарядларни оддий жанговар каллаклар учун қўлланиладиган турли ракеталарга, масалан, қанотли ёки тезкор-тактик ракеталарга, ҳатто артиллерия снарядларига жойлаштириш мумкин.

Тактик ядро қуролини самолётлар ёки кемалардан ҳам қўллаш мумкин — бундай жанговар каллаклар ракеталарга, торпедаларга ёки чуқурлик бомбаларига ўрнатилади.

АҚШ даъво қилишича, Россия сўнгги йилларда бундай қуролларга катта инвестициялар киритиб, уларнинг масофаси ва аниқлик даражасини оширган.

Тактик ядро қуроли қачондир қўлланганми?

Тактик ядро қуроли реал ҳарбий низода ҳеч қачон қўлланилмаган.

АҚШ ёки Россия каби ядро давлатлари тактик мақсадларга эришиш учун оддий замонавий қурол-яроғ ҳам етарли деб ҳисоблайди.

Бунинг устига, ҳеч қайси ядро давлати тактик ядро қуроли қўлланилганидан кейин бўлган ядровий уруш юзага келиши мумкинлиги юзасидан, таваккал қилишни хоҳламаган.

Шунга қарамай, Россия йирикроқ стратегик ракеталардан кўра, тактик ядро қуролларидан фойдаланишга мойил бўлиши мумкин.

«Эҳтимол, улар бунга ядро қуролини қўллаш чизиғини кесиб ўтиш деб қарамайди, — деди Британиянинг Chatham House халқаро алоқалар қироллик институти халқаро хавфсизлик дастури раҳбари Патрисия Льюис. — Улар учун бу оддий қурол-яроғларнинг бир қисмидир».

Путин ядро қуроли қўллаши эҳтимоли юзасидан хавотирланиш керакми?

2022 йил февралида, Украинага бостириб киришдан сал аввалроқ, Путин Россия стратегик ядро кучларини «махсус жанговар навбатчилик режими»га ўтказиб, стратегик ядро кучлари ўқув машғулотларини олиб борди.

Яқиндагина эса у ядро қуролини назарда тутиб: «Мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигига нисбатан хавф юзага келган тақдирда, Россия ва халқимиз ҳимояси учун биз, шубҳасиз, қўл остимизда бўлган барча воситаларни қўллаймиз. Бу қуруқ таҳдид эмас», — деди.

Россия Украина жануби ва шарқида ўзи босиб олган ҳудудларни ўз таркибига қўшиб олмоқчи. Бунинг учун у ерларда референдумлар ўтказилмоқда.

Америка разведкаси фикрича, Путин ядро урушини бошламоқчи эмас, балки таҳдидлар орқали Ғарбни Украинага ўз ерларини қайтариб олишда ёрдам беришни бас қилишга мажбурламоқчи.

Бошқалар эса Россия жанг майдонида муваффақиятсизликларга учрашда давом этаверса, «ўйин қоидаларини ўзгартириш», боши берк кўчадан чиқиш ёки узил-кесил мағлубиятга йўл қўймаслик учун Украинада кичик қувватли тактик қурол қўллаш истаги пайдо бўлишидан хавфсирамоқда.

АҚШ қандай муносабат билдирмоқда?

АҚШ президенти Жо Байден Россияни Украинадаги урушда ядро қуроли қўлламасликка чақирди ва бунинг оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

АҚШ ва НАТО ядро қуроли қўлланилишига қандай жавоб кўрсатишини тахмин қилиш қийин. Бир томондан, улар катта кўламли ядро уруши бошланиб кетишидан хавфсираб, низони янада кескинлаштиришни истамаслиги мумкин. Бошқа томондан эса, уларда бўлаётган ҳодисаларга нуқта қўйиш хоҳиши ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Россияни Хитойгина тактик ядро қуроли қўллашдан тийиши мумкин.

«Россия Хитойнинг кўмагига кучли боғланиб қолган», — деб ҳисоблайди Лондон Қироллик коллежи атом энергияси бўйича эксперти Хезер Уильямс.

«Аммо Хитойда ‘биринчи бўлиб қўлламаслик’ ҳақидаги ядро доктринаси бор. Шунинг учун, агар Путин тактик ядро қуролидан фойдаланса, Хитой уни қўллаб-қувватлаши қийин бўлади. Агар Путин бундай қуролни қўлласа, катта эҳтимол билан, Хитойни йўқотади», — деди Уильямс.

--------------------------------------------

«Нишонни уриш бўйича юқори аниқликдаги воситалари сифат ёки сон жиҳатидан етарли бўлмаган ҳар қандай армия муаммони битта кучли зарба билан ҳал қилиш васвасасига берилиши мумкин. Масалан, ўз кучларини ҳужумга ўтказиш мақсадида душман томонидан эгалланган ҳудудни тозалаш учун.

Тактик қурол стратегик қуролга нисбатан камроқ нишонларни йўқ қилиш билан бирга, кичик портлашдан кейинги радиациявий ифлосланиш унчалик жиддий бўлмайди. Шунинг учун уни қўллаганлар душман ҳам шу йўл билан жавоб кўрсатмаслигига умид қилиши мумкин. Мана шу нарсаларни англаш тактик ядро қуроли қўллаш эҳтимолини пасайтиради.

Аммо иккинчи томондан, Украинада тактик ядро қуроли қўлланилиши эҳтимоли ҳақидаги тахминлар ҳозирданоқ жиддий халқаро реакцияни келтириб чиқармоқда.

Ядро қуроли 1945 йил 9 августдан буён урушларда қўлланилмаган — дунё ядро урушидан қўрқишга кўниккан. Тактик ядро қуролидан фойдаланиш кескинликни шунчалик кучайтириб юбориши мумкинки, буни ҳамма ҳис қилади — ядро қуроли қўлламаслик асосига қурилган стратегик барқарорлик барча мамлакатларга тааллуқлидир. Ҳатто кичик ядро бомбасининг қўлланилиши ҳам ҳеч кимга маъқул келмайди», — деди BBC Рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Британия ҳукумати “Вагнер”ни террорчи ташкилот деб эълон қилмоқчи — The Telegraph
Дунё
АҚШда хавфли моддаларни олиб кетаётган юк поезди релсдан чиқиб кетди (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистонда келаётган ҳафта бошида қандай об-ҳаво бўлади?