Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«21 сентябрь, чоршанба куни Санкт-Петербургда губернаторнинг Смолнийдаги қароргоҳи ва Россия банки қаршисидаги ‘Таврический’ бизнес марказида иш куни одатдаги каби бошланмади. Ходимлар президент Путин мурожаатини кузатди. 80 йилларнинг баъзи илмий-фантастик фильмларида бўлгани каби Путин кираверишдаги экранда, офислардаги барча компьютерларнинг мониторларида кўриниш берди. Ростини айтсам, бу даҳшатли эди», — дейди ходимларнинг бири BBC’га берган интервьюсида. Нашр Россияда қисман сафарбарлик жорий этилгач, мамлакат аҳолиси буни қандай қабул қилгани, россияликлар ҳаётида бўлган ўзгаришлар ҳақида материал эълон қилди.

Қисман сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, ходимнинг айтишича, офисда муҳокамалар авж олди, ҳеч кимнинг ишлашга қўли бормади. «Бугун кечқурун норозилик намойишлари бўлса, энг яқин рейс билан бу ахлатдан қочиб кетишни ўйлаяпман. Вазият аянчлидек туюлса-да, мен президент Путиннинг мағлубиятини ҳис қиляпман», — дейди у.

Сешанба куни кечқурун техника университетларидан бирининг аспиранти ва ўқитувчиси овқат олиб келаётган курьерни кутаётган эди, қўнғироқни эшитди, эшикни очди, лекин етказиб берувчининг ўрнига у фуқаролик кийимидаги икки кишини кўрди. Улар йигитга ҳарбий хизматга чақирув қоғозини топширди.

Нусхаси мавжуд бўлган ҳужжатда айтилишича, гидродинамика бўйича мутахассисдан 22 сентябрь куни ҳарбий рўйхатга олиш бўлимига келиши сўралган. 26 ёшли аспирант ҳарбий кафедрада ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа захираси офицерини тайёрлаш дастури бўйича таҳсил олган.

«Бўлимга бориб келгач, у захирадаги лейтенантга айланади. Аммо унинг тажрибаси йўқ», — дея хавотирга тушди йигитнинг ўгай отаси BBC билан суҳбатда. «Нима қилишни билмаймиз. Илгари бормаслик учун жавобгарлик унчалик катта бўлмаган, энди Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар туфайли бу мутлақо тушунарсиз ҳолатга келиб қолди».

Фото: Telegram

Фото: Telegram

«Оёқ-қўлларни синдириш, тергов изоляторида ўтириш ва ҳар қандай ҳолатда ҳам бу жараёнга киришмаслик»

Аксарият россияликлар урушни қандай четлаб ўтишни ўйлаб кун ўтказмоқда. Ҳолат кутилмаганда содир бўлди: ҳатто хизматни ўтаган эркаклар ҳам сафарбарликка тайёр эмас. Шундай қилиб, москвалик Вячеславнинг сўзларига кўра, унинг армияда хизмат ўтаган дўстларининг кўпчилиги қандай қилиб бўлса ҳам, рўйхатдан тушиб қолиш учун тиббиёт соҳадаги танишлари, қариндошларини қидира бошлаган.

Кун давомида BBC’га Россиянинг турли бурчакларидан ёзишган — баъзи ташкилотларда ҳатто «ҳарбий тайёргарлик»дан ўтиш учун ходимлар рўйхатини тайёрлаш сўралган. Нашр камида учта шундай хатга эга (Бошқирдистон ва Москва вилоятидаги ташкилотларга юборилган). Қолаверса, уларнинг барчасида 20 сентябрь санаси кўрсатилган, яъни улар Путин қисман сафарбарлик эълон қилишдан бир кун олдин юборилган.

Фото: Telegram

Фото: Telegram

Чақирувни кутаётган кўплаб эркаклар яқинда олдиларида танлов пайдо бўлиши мумкинлигини тушунмоқда: қамоқ ёки уруш. «Энг яхши вариант — сафарбарликдан бош тортгани учун қамоқхона. Навальний иши ва Россиядаги қийноқлар тарихига назар ташласангиз ҳам, барибир ундай қийноқлардан ўлиш эҳтимоли пешанадан ўқ еб ўлиш эҳтимолидан пастроқ. Мен ҳамма нарсани қиламан, лекин урушга бормайман», — деб қарор қилди BBC’нинг Москвадаги суҳбатдошларидан бири.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Қисман сафарбарлик эълон қилингандан сўнг чипталар нархи икки баравар ошди ва Москвадан визасиз Истанбул, Ереван ва Бокуга кейинги тўғридан-тўғри рейслар тўлиқ якунланди. Истанбулга 23 сентябрдан олдин 85 минг рублга учиш мумкин. Кейинги рейс учун Ереванга чипта нархи 103 минг рублни ташкил қилади.

Оммавий ахборот воситаларида Курск вилояти бош ҳарбий комиссари Владимир Родионовнинг сўзлари кенг миқёсда тарқатилмоқда. Унга кўра, 21 сентябрдан бошлаб ҳарбий комиссияда ва резервда турган вилоят аҳолисининг ҳудуддан чиқиб кетиши тақиқланди.

Фото: BBC

Фото: BBC

Яна учта минтақадаги шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Хабарларда «захирадаги офицерлар, аскарлар ва матрослар» ҳатто чақирув қоғози олмаган ва сафарбарлик буйруғи бўлмаган тақдирда ҳам, ўз яшаш жойларини тарк этишлари вақтинча тақиқланади.

Айни дамда вазият қандай?

Россиянинг Қозоғистон ва Грузия билан чегараларида бир неча километрлик навбатлар юзага келган. Шунингдек, бундай ҳолатлар Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Маштаково—Сирим чегарадан ўтиш йўлида, Россиянинг Озинки қишлоғи яқинидаги шу вилоятга кириладиган яна бир пунктда, Троиск шаҳрида ҳам қайд этилган.

Машиналардан иборат бир неча километрлик навбатлар юзага келган ва одамлар ўн соатлаб навбат кутмоқда. Баъзилар эса чегарани пиёда кесиб ўтмоқда.

Бундан ташқари, Россиянинг Грузия билан чегарасида ҳам ўз мамлакатини тарк этиш истагида бўлган россияликларнинг автомобилларидан иборат тиқилинч юзага келган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари воқеа жойидан олинган видеолар билан бўлишмоқда.

Маълумот учун, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган. «Ватанимиз, яхлитлигимизни ҳимоя қилиш учун қисман сафарбарликни қўллаб-қувватлаш зарур, деб ҳисоблайман», — деган Россия раҳбари. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, қисман сафарбарлик чоғида 300 минг захирадаги аскар чақирилади. Унинг сўзларига кўра, бу Россия сафарбарлик ресурсининг тахминан 1 фоизини ташкил қилади.

Шундан кейин Россияда сафарбарлик эълон қилинишига қарши «Change.org» сайтига жойланган петицияни ўн минглаб одам имзолади. Сафарбарлик эълон қилинганидан кейин бир неча дақиқалар ичида Москвадан Истанбулга, Тбилисига ва Ереванга тўғридан-тўғри рейслар учун чипталар тўлиқ сотилиб кетган. Шунингдек, Москвадан Тошкентга рейслар чипталари ҳам қолмаган.

ОАВлар эслатишича, «Россия Федерациясида сафарбарликка тайёргарлик кўриш ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ҳарбий ҳисобда турган фуқаролар яшаш жойидан ҳарбий комиссариатлар рухсатисиз чиқиб кетиши тақиқланади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар