21 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан 1776 йилда АҚШ мустақиллиги учун кетаётган урушларда Нью-Йоркда содир бўлган катта ёнғин, Сухумидаги грузин самолётларининг уриб туширилиши ва Ельциннинг Россия Олий кенгашини тарқатиб юбориш тўғрисидаги 1400-сонли қарорига оид фактлар ўрин олган.
Нью-Йоркдаги катта ёнғин
Нью-Йоркдаги катта ёнғин 1776 йилнинг 21 сентябрь кечаси Манхэттен оролининг жанубий қисмида юзага келган. Ёнғин АҚШ мустақиллиги учун бошланган урушлар даврида Британиянинг шаҳарни эгаллаш бўйича ҳарбий ҳужумлари оқибатида содир бўлган.Ёнғин оқибатида шаҳарнинг 25 фоизгача бўлган қисми яксон бўлган, омон қолган биноларда ҳам талончиликлар амалга оширилган. Кўпчилик ёнғин қасддан уюштирилган деган тахминда бўлган ва турли версияларни илгари сурган. Британиялик командирлар ёнғинда исёнчиларни айблаган.
1775 йилнинг апрелида, АҚШ мустақиллиги учун урушлар аввалида Нью-Йорк энг муҳим савдо маркази ҳисобланган, бироқ ҳали мегаполисга айланмаган эди. У Манхэттен оролининг жанубий қисмини эгаллаган, аҳолиси эса тахминан 25 минг кишини ташкил этган.
1776 йилнинг ёз фасли бошларида, уруш бошланиши аввалида британиялик генерал Уильям Хай шаҳарни эгаллаш ва ҳарбий алоқаларда муҳим аҳамиятга эга кўрфазда назоратни ўрнатиш бўйича кампания бошлаган. Июль ойида Статен-Айленд эгаллангач, у укаси адмирал лорд Ричард Хай қўллаб-қувватлови остида Лонг-Айлендга муваффақиятли ҳужумни уюштирган. Америкалик генерал Жорж Вашингтон шаҳарнинг қулашини англаб, армиянинг асосий қисмини 16 километр шимолга кўчирган. Айрим генераллар, жумладан, Натаниэл Грин ва Жон Жей британларни база ва фойдали ҳарбий позициясиз қолдириш мақсадида Вашингтонни шаҳарни ёқиб юборишга кўндирмоқчи бўлган. Вашингтон ушбу масалани Иккинчи континентлар конгресс олдига қўйган ва улар ушбу чорани рад этган: «ҳар қандай ҳолатда ҳам шаҳарга зарар етмаслиги керак».
1776 йилнинг 15 сентябрь куни генерал Хай бошчилигидаги британ қўшинлари Манхэттен оролига келган. Эртаси куни британлар Гарлем тепалигига кўтарилиб, жангга киришган, қолган кучлар эса шаҳар томон отланган.1776 йилнинг 21 сентябрь тонгида шаҳарни олов эгаллаган. Жон Жозеф Генри исмли гувоҳнинг сўзларига кўра, ёнғин Уайтхолл-слип кўрфази яқинидаги «Жангчи хўрозлар» қовоқхонасидан бошланган. Қуруқ об-ҳаво ва кучли шамол сабаб аланга шаҳар бўйлаб тезда ёйилган. Аҳоли қўлига илинган буюмлари билан кўчага отилган ва шаҳар четидаги чўл ҳудуддан пана жой топган (ҳозирда бу ерда Сити-Холл-парк жойлашган). Аланга Бивер-стрит яқинидаги Бродвейдан ўтиб, Гудзон дарёси орасидаги шаҳарнинг катта қисмини йўқ қилган. Ёнғин шамол ўз йўналишини ўзгартиргач, ёрдамга келган британиялик денгиз пиёдалари кўмагида ўчирилган. Ёнғин оқибатида қанча бинога зарар етганини аниқ айтиш мушкул, уларнинг сони 400 тадан 1000 тагача — шаҳарнинг 25 фоизигача бўлиши керак. Олов Троица черковини яксон қилган, Авлиё Павел капелласи эса омон қолган.
Генерал Хайнинг Лондонга юборган билдиргисида ёнғин қасддан уюштирилгани айтилган: «Бу ярамаслар томонидан шаҳарни йўқ қилишга бўлган энг даҳшатли уриниш». Қироллик губернатори Уильям Траён бунда Вашингтоннинг қўли бор деб ҳисоблаб, жавоб ёзган: «Кўплаб ҳолатлар бундай ёвуз ҳаракатдан Вашингтон манфаатдор бўлганини кўрсатмоқда» ва «шаҳарда унинг армиясининг бир нечта офицери яширингани аниқланган». Кўплаб америкаликлар ҳам ёнғин ватанпарварлар лагеридагилар томонидан амалга оширилган деб ҳисоблаган.
Сухумидаги фожиалар: грузин самолётлари қандай уриб туширилган эди?
Бундан 29 йил олдин 21 сентябрь куни Грузия авиалиниясига тегишли «Ту-154» самолёти Сухуми аэропортида қўниш вақтида уриб туширилганди. Ҳалокат оқибатида шаҳарда қамалда қолган гарнизонга ёрдамга учиб кетаётган грузин куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлган. Ҳужумлар серияси натижасида абхаз тузилмалари урушни ўз фойдасига буриб юборган.1993 йилда грузин-абхаз уруши ҳал қилувчи паллага кирган. Сухуми учун қақшатқич жанглар давом этиб, якунда шаҳардан грузин кучлари қувиб чиқарилган. Бошқа ҳудудлардаги ҳарбийлар билан қуруқлик орқали алоқага эга бўлмаган грузинлар таъминот ва ёрдам учун ҳарбий ҳаво маконидан фойдаланишга мажбур бўлган.
Юзага келган вазият оқибатида абхаз кучлари душман тараф самолётига ов бошлаган. Қўлга олиш эпимаркази мунтазам ўт очишларга қарамай, фаолиятини давом эттираётган Сухумидан 18 километр узоқликдаги Бабушара қишлоғида жойлашган аэропорт бўлган. 20—23 сентябрь кунлари абхазлар бешта авиалайнерни йўқ қилишга эришган. Ҳужум қилаётган томон асосан битта тактика бўйича ишлаган: денгиздан туриб, қўнаётган самолётларга ўт очган.
Сентябрь ойидаги биринчи ҳалокат 20 сентябрь куни «Ту-134» самолёти билан рўй берган. Кўнгилсиз ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Эртаси куни Сочидан келаётган Transair рейси уриб туширилган. Соат 16:25 да ушбу моделдаги бортга «Гриф» катеридан «Стрела-2» КЗРМ томонидан ракета ҳужуми амалга оширилган.
Самолёт денгизга қулаган: барча йўловчилар ҳалок бўлган, улар орасида россиялик журналистлар бўлган, бошқа версияга кўра, бортда Сухуми аэропорти ходимлари ва экипаж аъзолари бўлган — жами 28 киши.
Фожиа грузин телевидение ходимлари томонидан тасвирга олинган. Кадрларда «Гриф»дан ракета учиб чиқиб, самолётга бориб теггани аниқ кўрилган. Катер сузиб кетган. У қирғоқ қўриқлаш хизмати томонидан ўчирилган ўқ етиб борадиган масофада бўлса-да, жавоб ҳужуми амалга оширилмаган.
22 сентябрь куни ҳалок бўлганлар сони бўйича энг йирик ҳалокат содир бўлган. Тбилисидан 120 нафар полициячи, шунингдек, шифокорлар ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган «Ту-154» уриб туширилган. Ҳужум ҳам юқоридаги схема бўйича амалга оширилган. Борт катердан ўққа тутилган: ракета двигателга тегган, шундан сўнг самолёт бир томонга оға бошлаган.
Шунга қарамай, учувчилар самолётни ҳаво кемасини тўғрилашга муваффақ бўлади ва соат 18:36 да қўнишни амалга оширади. Бироқ етказилган шикаст жуда жиддий эди. Авиалайнер учиш-қўниш йўлагига урилиб, ундан ташқарига чиқиб кетади ва тўкилган ёнилғи сабаб ёнғин чиқади.
Кучли ёнғин ва у туфайли юзага келган ваҳима кўпчиликнинг умрига зомин бўлган. Жамоанинг фақат тўрт аъзоси ва 20 нафарга яқин ҳарбий омон қолган.
Грузин томонига кўра, «ер-ҳаво» типидаги ракета бир кун олдин «Ту-134» уриб туширилган ўша ҳарбий катердан учирилган. Авиалайнер Сухумидаги ҳарбий гарнизонга бир неча тонна озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кетаётган бўлган.
Бу жуда даҳшатли фожиа эди. Ўт ўчириш жамоаси ходимлари самолётдаги ёнғинни ўчиришга уринар, бироқ бакда ёнилғи жуда кўп эди. Бироқ олдиндан бундан ҳам мудҳиш ишлар кутиб турганди. Ҳали самолёт қолдиқлари остидан ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб чиқиш керак. Кўпчилик буни уддалай олмаган, ҳатто айримлар ҳолатга қарашга ҳам ботинмаган.
Ҳалок бўлганлар орасида The Wall Street Journal учун Грузия президенти Эдуард Шеварнадзе билан интервью уюштириш учун йўл олган Александра Таттл исмли мухбир ҳам бўлган. «Ту-154»нинг ҳалокати Грузия ва Абхазия тарихидаги энг йирик авиаҳалокат бўлиб қолади.
Абхазлар 23 сентябрь куни навбатдаги «Ту-134» самолётини ҳам нишонга олади — бу сафар БМ-21 «Град»дан фойдаланилган. Фавқулодда ҳолат тинч аҳолини бортда чиқариш вақтида содир бўлган. Экипаж снаряд урилиши оқибатида юзага келган ёнғиндан одамларни чиқариб олишга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, жамоа аъзоларидан бири ҳалок бўлган. «Ту-154»га берилган яна бир ҳужумда ҳам ҳеч ким ҳалок бўлмаган.
24 сентябрь куни грузинлар «қотил-катер»ни йўқ қилишда жиддий бел боғлайди. Бироқ улар муваффақиятсизликка учрайди. Сухуми аэропортидан кўтарилган бомбардимончи ҳавога кўтарилиш вақтида уриб туширилади. Ҳарбий кемани қўлга олишга юборилган кеманинг ўзи Ачба гуруҳи томонидан ушланган.
«Россия инқирозни бошдан ўтказмоқда»: Ельцин қандай қилиб парламентни тарқатиб юборган эди?
1993 йилнинг 21 сентябрь куни Россия президенти Борис Ельцин мамлакатнинг олий давлат органи — Олий кенгаш ва Халқ депутатлари кенгаши фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги 1400-сонли қарорни имзолаган эди. Парламент раиси Руслан Хасбулатов содир бўлаётган воқеаларни «Конституцияга қарши тўнтариш» деб атаган. Москва иккита сиёсий гуруҳ ўртасида бўлинди — шу кундан мамлакатда ички сиёсий можаро бошланди.Валерий Зоркин раислигидаги Конституциявий суд зудлик билан ушбу қарорни мамлакат бош қонунига мос келмайди деб эълон қилади. Олий кенгаш мамлакат раҳбарини лавозимдан четлатиш қарорини қабул қилган. Александр Руской вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Социологларнинг маълумотларига кўра, орадан 20 йил ўтгач россияликларнинг аксарияти 1993 йилнинг октябридаги воқеаларда ҳақиқат Олий кенгаш тарафида бўлган деб ҳисоблайди.
Борис Ельцин ўзининг «Президентнинг қайдлари» китобида 1400-сонли қарор устидаги ишларни сентябрдан, соғлиғи ёмонлашгани боис Барвиха қароргоҳида бўлган пайтида бошлаганини эслайди. Ҳужжат бўйича дастлабки ишларни президент ёрдамчиси Виктор Илюшин бошлаган. «Ельцин даври» китобида у қизиқ бир воқеани эслайди. Президент жамоасидаги одамлардан бирини чақириб, ҳужжат қораламасини кўрсатган. «Ельцинга хос почерк билан катта ҳарфларда бир нечта банд ёзилганди: ‘съезд ва Олий кенгашни тарқатиб юбориш’, ‘Конституциявий судни тарқатиб юбориш’, ‘бош прокурор президентга бўйсунади’».
«Биласизми, Борис Николаевич бу Гётенинг ‘Фаустъидан кучлироқ, лекин ўйлайманки бунинг устида мутахассислар ҳам ишлаши керак», — деган суҳбатдош.
Бир неча кундан кейин ишга давлат раҳбарининг ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдамчиси Юрит Батурин жалб этилган. Президент хавфсизлиги хизмати бошлиғи Александр Коржаков Борис Ельцин атрофидаги кўпчиликдан бу бўйича маслаҳат олган. Коржаковнинг ўзи, унинг айтишича, давлат раҳбарига Россиянинг янги Конституциясига кирган кўплаб янгиликларни маслаҳат берган. Хавфсизлик хизмати бошлиғи 1400-сонли қарор устида ҳам ишлаган: «Параллел равишда Федерация йиғинни шакллантириш ишлари ҳам давом этарди. Биринчи вариантда сенаторларни сайлаш керак эди. Натижада менинг ғоямга кўра, уларни вилоятлар губернаторлари ва раисларидан шакллантиришга қарор қилишди».
17 сентябрь куни Виктор Илюшин президент канцеляриясига қўнғироқ билиб, унинг мудири Виктор Семенченкога «Қарор учун бирор бутун рақаминг борми?», дея сўраган. Семенченко «1400 рақами тўғри келадими?», — жавобига у «Маъқул, рўйхатдан ўтказ», деган.
21 сентябрь куни қарор имзоланган. Соат 17:00 да Кремлда президентнинг соат 20:00 да эфирга кетиши керак бўлган видеомурожаатини ёзиб олиш бошланган. Орадан бир соат ўтгач, Валери Зоркин Конституциявий суд фавқулодда йиғилиш бошланишини эълон қилиб, унда президент қарорининг қонунийлиги кўриб чиқилишини айтган.
«Президент ва ниҳоят, ўз шериклари ва рақиблари анчадан буён кутиб келаётган ишни амалга оширди. Кеча у томонидан амалдаги Конституцияга ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида имзоланган қарор Халқ депутатлари кенгаши ва Олий кенгашнинг барча функцияларини тўхтатади. Янги парламент — Федерал йиғин учун сайловлар шу йилнинг 11-12 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Шу орқали президент қарорида айтилмаган бўлса-да, Россияда сайловларга қадар президент бошқаруви жорий этилди», — дейилади «Коммерсантъ» газетасининг мақоласида.
21 сентябрь куни соат 23:00 да Оқ уйга кириш блокланди. Бир соат олдин Олий кенгашнинг фавқулодда йиғилишида Александр Руской президент вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган. Олдинда патриарт Алексей II билан мураккаб музокаралар кутиб турарди.
Ўша воқеаларнинг деярли барча иштирокчилари 1400-сонли қарор имзоланган пайтда уришаётган томонлар шахсий қарама-қаршиликларга шунчалик берилиб кетганки, улар можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун музокаралар столига ўтира олмаган. «Шундай имконият бўлганида, биз ундан фойдаланган бўлардик. Бироқ томонлар муроса қиладиган эмасди. Ва бу борадаги масъулият ўша вақтда Оқ уйда ўтирганларнинг зиммаси ётади», — дейди Гадис Гажиев.
Олий кенгаш раиси Руслан Хасбулатов бунга мутлақо қўшилмаслигини маълум қилган: «Ельцин бир кун олдин мени чақириб, шунақа қарор имзоламоқчи эканини айтганида, биз келишиб олардик. Лавозимимга ёпишиб олмаган ва бутун дунёга шарманда бўлишнинг олдини олган бўлардик». Хасбулатовнинг сўзларига кўра, у Кремлга музокаралар ўтказиш учун мунтазам сигнал жўнатганини, бироқ на президент, на бош вазир Виктор Черномирдин учрашишга рози бўлмаган.
Борис Ельцин позициясини Черномирдин бошчилигидаги ҳукумат аъзолари, Москванинг кенг таъсир доирага эга мери Юрий Лужков, махсус хизматлар раҳбарлари, қатор губернаторлар ва республика етакчилари қўллаб-қувватлаган. Хасбулатов мамлакат вице-президенти Александр Руской билан иттифоқда бўлган.
Президент хавфсизлик хизмати раҳбари Коржаковнинг маълум қилишича, Ельцин ва Олий кенгаш ўртасидаги келишмовчиликлар 1992 йилдан бошланган ҳамда босқичма-босқич кенгайиб борган. «Аввалига у сезилмас эди, Хасбулатов атрофида тарафдорларини тўплаётгани, Ельциннинг иқтисодий ислоҳотлари ва ҳаракатларини танқид қилиши билан бошланган», — дейди у.
Бўлиниш иқтисодий ислоҳотларни ўтказишнинг турли қарашлари сабаб содир бўлган. Президент тарафдорлари ташаббусларни зудлик билан жорий этиш истагида бўлса, уларнинг рақиблари шошилмасликка чақирган. Ельцинчиларнинг фикрича, мунозараларга Россия конституцияси сабаб бўлган. Давлат раҳбари ўз ваколатларининг чекланганидан ноқулайлик сезган. Ельцин ва унинг тарафдорлари жамиятни демократлаштириш йўлидаги Олий кенгашни, хусусан, унинг раҳбарияти асосий тўсиқ деб ҳисоблаган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)