19 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Қайд этилишича, Молия вазирлигига Бухорода зиёрат туризми объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 40 миллиард сўм ажратиш топширилган.
Туризм вазирлиги олдига зиёрат туризми салоҳияти юқори Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга авиарейсларни кўпайтириш вазифаси қўйилган.
Мутасаддиларга мамлакатдаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилган.
Зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида маълумот бера оладиган мутахассислар ва гидлар ҳам камлиги айтилган.
Шу муносабат билан Ислом академияси, «Ипак йўли» университетига муддатда зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилган.
Изоҳ (0)