АҚШнинг Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳри фуқароларидан бири маймунчечакдан вафот этди, деб ёзади «Коммерсантъ». Лос-Анжелес жамоатчилик соғлиғини сақлаш департаменти маълумотларига кўра, беморда «жиддий иммун танқислиги» юзага келган, у касалхонага ётқизилган.
Марҳум ҳақида бошқа тафсилотлар келтирилмади. Бу АҚШда маймунчечак оқибатидаги ўлим билан боғлиқ биринчи тасдиқланган ҳолатдир. Мамлакатда жами 21 985 кишида касаллик қайд этилган.
Август охирида маймунчечак АҚШнинг барча штатларига тарқалди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, касалликдан ўлим даражаси 3—6 фоизни ташкил этади.
Аввалроқ Техас штатида ҳам маймунчечак билан касалланган бемор вафот этганди. Аммо у бошқа бир қанча ҳамроҳ касалликларга ҳам чалинган бўлган. Айни пайтда шифокорлар унинг ўлимига айнан нима сабаб бўлганини аниқлаштирмоқда.
Маймунчечак — одамларга асосан ёввойи ҳайвонлар (кемирувчилар, маймунлар)дан юқувчи камёб вирусли касаллик. Унинг симптомлари иситма, бош оғриғи, мушаклар ва белдаги оғриқ, лимфа тугунлари катталашиши, ваража ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юзда ва тананинг бошқа қисмларида тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Маймунчечакка қарши алоҳида вакцина йўқ, бироқ табиий чечакка қарши вакцина ушбу касалликдан 85 фоиз даражада ҳимояни таъминлайди.
Изоҳ (0)