Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Дарё» нашри 12 сентябрда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.

 Ўзбекистон президентининг Самарқанд саммитига бағишланган мақоласи эълон қилинди

12 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитига бағишланган дастурий аҳамиятга эга мақоласи чоп этилди.

Мақолада ушбу учрашувнинг Ўзбекистон ва замонавий дунё учун қанчалик муҳимлиги, янги даврда Ўзбекистон нега минтақавий ва глобал миқёсда кенг ҳамкорликни илгари сураётгани, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ташкилот фаолиятида қандай акс этиши ҳақидаги саволларга жавоб топиш мумкин. Мақоланинг тўлиқ матни билан «Дарё» сайтида танишишингиз мумкин.

Тошкент шаҳри ва қўшни вилоятларга кириш-чиқиш ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда 12 сентябрдан 13 сентябрга ўтар кечаси — 00:00 дан бошлаб Тошкент шаҳри ва қўшни вилоятларга кириш-чиқиш йўллари ёпилиши ҳақида видео тарқалди.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг «Дарё»га маълум қилишича, бу хабарлар нотўғри. Унинг айтишича, фуқаролардан ШҲТ саммити ўтказилиши муносабати билан 14—15—16 сентябрь кунларида Самарқанд шаҳрида режалаштирилган саёҳатни бошқа кунга қолдиришлари сўралган. Буни ЙПХ ходимлари нотўғри тушунтирган.

Ўзбекистонда 178 нафар мансабдор пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун жавобгарликка тортилган

Ўзбекистонда 2019—2021 йиллар давомида пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 178 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маълум қилди.

Россия муниципал депутатлари Путиннинг истеъфосини талаб қилмоқда

Москва, Санкт-Петербург ва Колпинонинг 18 та турли округларидан муниципал депутатлар Владимир Путиннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Тегишли петиция матни Санкт-Петербург муниципал депутати Ксеня Торстрем томонидан Twitter’да эълон қилинди.

Ҳозирга қадар петицияга 20 нафар депутат имзо чеккан. 8 сентябрь куни Москванинг Ломоносовский муниципал округи депутатлари кенгаши Путиндан истеъфога чиқишни сўраган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар