Ижтимоий тармоқларда Олий судда кадрлар алмашинуви юз бергани, ходимлар ёппасига ишдан бўшагани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий суд ахборот хизмати ҳолатга аниқлик киритди.
Қайд этилишича, ташкилотнинг турли бошқарма ва бўлимларида ҳар хил лавозимларда (судьялар эмас) ишлаган 11 нафар ходим судья бўлиш истагида имтихонлардан муваффақиятли ўтиб, Судьялар олий мактабига ўқишга қабул қилинган.
Нафақа ёшидаги 7 нафар ходим (4 нафари Мурожаатлар билан ишлаш бошқармасидан, 3 нафари эса бошқа бошқарма ва бўлимлардан) ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган. Шу муносабат билан улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
«Маълумот учун, қонунда белгиланганидек, судьяларни сайлаш (тайинлаш) ва уларнинг ваколатини тугатиш масаласи Олий суд ваколатига кирмайди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳозирда мавжуд бўш (вакант) иш ўринларини ёш ва малакали мутахассислар билан тўлдириш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Изоҳ (0)