Шимолий Корея унга ядро давлати мақомини берувчи қонунни қабул қилди, деб ёзади «Коммерсантъ». Бу республикага унга ҳужум қилган тақдирда душманга ядро зарбаси бериш имкониятини тақдим этади. КХДР етакчиси Ким Чен Ин Корея ярим оролини ядродан холи қилиш бўйича музокаралардан бош тортди.
Ядро кучлари сиёсатини юридик жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш қарори ҳақида Ким Чен Ин 7 сентябрь куни Олий халқ мажлиси йиғилишида эълон қилди. Тасдиқланган ҳужжат «Ядро қуролига нисбатан сиёсат» деб ном олди. Унда айтилишича, Шимолий Кореянинг бундай қуролдан фойдаланиш бўйича сиёсати «ҳужумкор ҳисобланади».
«Агар душман ҳужуми туфайли, давлат ядро кучларини бошқариш тизими хавф остида қолса, душман кучларини, шу жумладан, провокация манбаси ва қўмондонлик пунктини йўқ қилиш мақсадидаги ядро зарбаси олдиндан аниқлаштириб олинган режа бўйича автоматик тарзда ва зудлик билан берилади», — дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Ким Чен Инга ҳужум бўлган тақдирда ҳам ядро зарбаси берилиши мумкин. Шу билан бирга таъкидланишича, ядро қуроли »ташқи тажовузга қарши сўнгги чора сифатида фойдаланилади», ва Шимолий Корея уни биринчи бўлиб қўлламайди. Республика ядро қуролини бошқа мамлакатлар ҳудудларига жойлаштирмаслик ва уларга ядро қуроли билан боғлиқ технологиялар, объектлар ёки материалларни бермаслик мажбуриятини олади.
КХДР етакчиси республика ҳеч қачон ядро қуролидан воз кечмаслигини маълум қилди. Ким Чен Ин даъво қилишича, АҚШ КХДРни «ўз ядровий энергиясидан ва ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқидан воз кечиш»га ундаб, «Шимолий Корея режимини қулатиш» мақсадини ўз олдига қўймоқда. Унинг таъкидлашича, Шимолий Корея «ҳеч қачон, ҳатто юз йил давомида санкциялар киритилса ҳам, таслим бўлмайди».
2021 йилда КХДР ядро дастурига 640 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади. 2022 йил бошидан буён Шимолий Корея 17 марта ракета учирди, охирги ракета парвози майда амалга оширилганди. АҚШ ҳукумати августда КХДР еттинчи марта ядро қуроли синовини амалга оширишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирди. Ўша ойда Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл КХДРга денуклеаризация эвазига иқтисодий кўмак таклиф қилди. Шимолий Корея ҳукумати бу таклифни рад этиб, уни «сафсата» деб атади.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)