Эстония 19 сентябрдан бошлаб, ҳар қандай давлат томонидан берилган Шенген визаси бўлган россиялик сайёҳлар учун ўз чегараларини ёпади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу маълум қилди, деб ёзади Meduza.
«19 сентябрга ўтар кечаси Россия фуқаролари учун Эстонияга киришга тақиқ кучга киради. Бу Эстонияда берилган визаларга, шунингдек, Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатларидан олинган визаларга эга россияликларга тааллуқли», — деди Эстония ТИВ раҳбари.
Рейнсалунинг қайд этишича, худди шундай чораларни Латвия, Литва ва Польша ҳам қўллайди.
Шу билан бирга, тақиқ қариндошларини кўришга бораётганлар ҳамда гуманитар сабабларга кўра келмоқчи бўлганлар учун амал қилмайди.
Польша ва Болтиқ мамлакатлари россиялик сайёҳлар учун Евроиттифоққа киришни тўлиқ тақиқлашни ёқлаб чиқди, аммо бу қарор бошқа мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланмади. Бунинг ўрнига, Евроиттифоқ Россия билан соддалаштирилган тартибда визалар бериш ҳақидаги келишувни тўхтатиб қўйишга қарор қилди.
Шенген битими унинг таркибига кирувчи давлатларнинг бутун ҳудуди бўйлаб эркин кўчиб юришни кафолатлайди. Айни вақтда Евроиттифоқнинг ташқи чегаралари орқали кириш масалаларини ҳар бир мамлакат мустақил назорат қилади.
Россия билан чегарадош бўлган Финляндия ўз ҳудудига киришни тақиқлаш ғоясига қўшилмади. Мамлакат ҳукумати бундай қарорлар Евроиттифоқ даражасида қабул қилиниши керак, деган фикрни билдирди. Шу билан бирга, Финляндия берилаётган визалар сонини сезиларли даражада қисқартирди.
Аввалроқ Латвия, Литва ва Эстония Шенген визасига эга Россия ва Беларусь фуқаролари учун қуруқлик чегараларини кесиб ўтишни сезиларли даражада чеклашга келишиб олган эди.
Шунингдек, россияликларнинг Грузия ҳудудига кириши оммавий равишда тақиқлана бошлади.
Мавзуга доир:
- Россиянинг фақат тўртта шаҳрида Финляндия туристик визаси учун ҳужжатлар қабул қилинади
- Боррел россияликлар учун визани тўлиқ тақиқлаш ғояси Европа Иттифоқида бир овоздан қўллаб-қувватланмаслигини айтди
- Европа Иттифоқи россияликларга соддалаштирилган тартибда виза бериш бўйича келишувдан воз кечмоқчи
- Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел россияликлар учун Шенген визасини тақиқлаш ғоясига қарши чиқди