АҚШ Молия вазирлиги Теҳрондаги Safiran Airport Services компаниясига нисбатан санкциялар киритганини эълон қилди, у, Америка ҳукумати даъво қилишича, Эрон учувчисиз учар қурилмаларининг Россияга етказиб берилишига алоқадор, деб ёзади Meduza.
АҚШ маълумотларига кўра, Сафиран компанияси «Эрон ва Россия ўртасида Россия ҳарбий рейсларини мувофиқлаштирган», улар, шу жумладан, Эрон дронлари, тегишли қурилмалар ва ходимларни ташиш билан боғлиқ бўлган. АҚШда даъво қилишларича, Эрон учувчисиз учар қурилмалари йиғилиб, синовлардан ўтказилганидан кейин, Россия Ҳаво-космик кучлари уларни Украинага қарши урушда Россия дронлари билан бир қаторда қўлламоқчи.
«Россия ўзининг Украинага қарши урушини давом эттириш учун тобора иложсизлик билан танловларни амалга оширмоқда, айниқса, бизнинг мисли кўрилмаган санкцияларимиз ва экспорт назорати бўйича чораларимиз қаршисида», — деди АҚШ молия вазири ўринбосари Брайан Нелсон.
Шунингдек, Молия вазирлиги Эроннинг бир нечта дрон ишлаб чиқарувчиларига ҳам санкциялар эълон қилди.
Август охирида The Washington Post Эрон Россияга Украинага қарши урушда фойдаланиш учун зарбдор учувчисиз учар қурилмаларнинг биринчи партиясини етказганини маълум қилганди. Илк синовлар чоғида Эрон дронлари бир неча марта ишдан чиққан. Сентябрда The New York Times газетаси, АҚШ разведкасига таяниб, Россия КХДРдан миллионлаб артиллерия снарядлари ҳамда кичик ва ўрта масофали ракеталар сотиб олаётгани ҳақида хабар берди.