Ўзбекистонда 27 август куни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари эълон қилинди.
2022/2023-ўқув йили учун 190 375 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди.
ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижаларига кўра, уларнинг:
- 39 962 нафари — давлат гранти;
- 150 413 нафари — тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.
Катта миқдордаги контракт тўловини амалга ошириш эса кўпчилик учун имконсиз.
Шундай вазиятларда ўқишни бошлаб, таълим кредитларидан фойдаланиш — таълимни тарк этишдан фойдалироқ танлов бўлиши мумкин.
«Дарё» таълим кредитларининг бошқаларидан фарқи, фойдали томонлари, расмийлаштириш шартлари ҳамда ундан фойдаланган мижознинг шахсий тажрибаси ҳақида чоп этилган мақолани қайта эътиборингизга ҳавола қилади.
Таълим кредитлари қанча миқдорда ва неча фоиз асосида берилади?
Таълим кредитлари одатда тўлов-контракт шартномасида кўрсатилган бир йиллик тўлов суммасига тенг миқдорда, Марказий банк асосий ставкасида ажратилади.Таълим кредитларининг икки хил тури мавжуд бўлиб, бири имтиёзли, таъминот суммаларисиз бўлса, иккинчиси оддий, маълум фоизли таъминот ставкалари асосида ажратилади.
Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.
Таълим кредитини расмийлаштириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар:
- таълим кредитини олиш тўғрисидаги ариза;
- талаба ва олий ўқув юрти ўртасидаги тўлов-контракт шартномаси ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақаси/фактураси (мавжуд бўлганда). Шартномада ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;
- таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат;
- биргаликда кредит олувчига тегишли маълумотлар ва ҳужжатлар керак бўлади.
Қандай мижозлардан гаров ёки кафиллик талаб этилмайди?
Агар талаба «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оиланинг фарзанди бўлса, таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди – реестрга киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома берилиши кифоя.Банк тақдим этилган ҳужжатларни 5 иш куни ичида кўриб чиқади ва ушбу талабага таълим кредити ажратиш ёки ажратмаслик бўйича қарор қабул қилади.
Кредит беришни рад этган тақдирда, аризачига рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати берилади.
Таълим кредити маблағлари тижорат банки томонидан тақдим этилган шартнома ёки ҳисоб варақаси/фактурасида кўрсатилган ҳисоб варағига маблағ кўчириш йўли билан ўтказиб берилади.
Бунда, таълим кредити тўғрисидаги шартномада кўрсатилган йиллик тўловнинг тўлиқ миқдори тенг улушларда тўрт қисмга бўлиб, кредит олувчининг ёзма топшириғи асосида ўтказилади:
- Биринчи қисми (камида 25 фоизи) – 1 босқич учун ҳар йили 15-сентябргача, 2 ва ундан юқори босқичлар учун ҳар йили 1-октябргача;
- иккинчи қисми (камида 50 фоизи) – ҳар йили 1 январгача;
- учинчи қисми (камида 75 фоизи) – ҳар йили 1 апрелгача;
- тўртинчи қисми (100 фоизи) – ҳар йили 1 июлгача бўлган муддатда.
Кредит тўлови қачон ва қандай қайтарилади?
Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Ушбу вақтга қадар таълим кредити бўйича фақат фоиз тўловлари тўлаб борилади.(Бу маълумотлар банк турига қараб фарқ қилиши мумкин).
Кредитни белгиланган муддатдан аввал ёпиш мумкинми?
Агар қарз олувчида қўшимча маблағ мавжуд бўлса, у кредитини муддатидан аввал ёпиши мумкин.Масалан, ўқишни битирган талаба бирдан даромад манбаига эга бўлса — 7 ой фақат кредит бўйича фоиз тўлаб бормасдан, асосий қарзни ҳам сўндириб бориши мумкин. Бунда кредит бўйича умумий тўловлар миқдори камроқ бўлади.
Ҳар қандай узоқ муддатли кредитни муддатидан олдин сўндириш ушбу кредит бўйича умумий тўловлар миқдорининг камайишига ёрдам беради.
Таълим кредитлари қайси банкда қанча муддат ва фоиз асосида берилади? Банкларнинг умумий шарт ва таклифлари
Таъминот суммасисиз таълим кредитларини ажратувчи банклар (маълумот Ўзбекистон Марказий банки bankxizmatlari.uz сайтидан олинди).Ўзсаноатқурилишбанк — 13,5 йил муддатга шартнома нархи миқдорида 14% ставкаси асосида ажратилади.
Имтиёз даврининг муддати 18 ойдан 78 ойгача.
Таъминот тури сифатида учинчи шахсларнинг кафиллиги белгиланган. Таъминот суммаси мавжуд эмас.
Бошланғич бадал мавжуд эмас. Кредит тўловлари ҳар ой оралиғида амалга оширилади.
Алоқа банк — 162 ойга 14% ставкаси асосида, шартнома нархи миқдоригача берилади. Кредитнинг умумий шартларида бошланғич тўлов йўқ.
Таъминот тури сифатида гаров ёки учинчи шахсларнинг кафиллиги назарда тутилган.
Кредит фойдаланувчининг таълим даврига қўшимча ва имтиёзли равишда 6 ой муддатга берилиб, тўловлар ҳар ойда тўланиши белгиланган.
Ўзбекистон Миллий банки (НБУ) — 162 ойгача 14% ставка асосида, 30 миллион миқдоргача, бошланғич тўловларсиз берилади.
Таъминот тури сифатида гаров ёки учинчи шахсларнинг кафиллиги ҳамда суғурта полиси назарда тутилган.
Кредит фойдаланувчининг таълим даврига қўшимча ва имтиёзли равишда 6 ой муддатга берилиб, тўловлар ҳар ойда тўланиши белгиланган.
Ипотека банк — бошланғич бадалларсиз, талабанинг таълим муддати расман тугагач, 7 ойдан бошлаб, 7 йил муддатда ҳар ой оралиғида тўлаш белгиланган.
Таъминот суммаси сифатида жисмоний шахс кафиллиги, ижтимоий реестрга кирган оилалар учун суғурта компаниясининг суғурта полиси, ликвидли мол–мулк гарови кўзда тутилган.
Қишлоқ қурилиш банк (ҚҚБ) — 30 миллион сўм миқдорида 14% ставкаси асосида 162 ой муддатга берилади.
Таъминот тури сифатида учинчи шахсларнинг кафиллиги назарда тутилган. Таъминот суммаси эса нолга тенг.
Кредит тўлови бўйича имтиёзли муддат бир йилдан тўрт йилгача бўлиб, оралиқ тўловлар ҳар ойда тўланади.
Асака банк — шартномада белгиланган суммани 15 йилгача 14 фоиз ставкаси асосида ажратади.
Оралиқ тўловларнинг даврийлиги ҳар ой, имтиёз даври эса 6, 12, 18 ойга тенг.
Таъминот тури сифатида учинчи шахсларнинг кафиллиги ёки суғурта полиси белгиланган.
Таъминот суммалари асосида таълим кредитларини ажратувчи банклар:
Ҳамкор банк — Шартнома нархи миқдоригача 14% ставкаси асосида 162 ой муддатга берилади.
Бошланғич бадаллар йўқ, имтиёз даври эса мавжуд эмас.
Таъминот тури сифатида гаров, учинчи шахсларнинг кафиллиги ёки суғурта полиси кўрсатилган. Таъминот суммаси эса 125% дан иборат.
Кредит ҳар ой оралиғида тўлаб борилади.
Агробанк — 14% ставкаси асосида 13,5 йил муддатга шартномада кўрсатилган нарх миқдорида берилади.
Оралиқ тўловлар даврийлиги ҳар ой, имтиёз муддати эса 6 ой.
Таъминот тури — гаров, учинчи шахсларнинг кафиллиги ёки таъминотсиз.
Халқ банки — 14 фоиз ставкаси асосида, контракт тўлови миқдоридаги маблағ 13,5 йилгача муддатга берилади.
Бошланғич бадал мавжуд эмас. Тўловлар ҳар ой оралиғида амалга оширилади.
Имтиёз муддати 18 ойдан 78 ойгача, таъминот суммаси эса 125 фоизни ташкил этади.
Микрокредитбанк — Шартнома нархи миқдоридаги кредит суммаси 15 йилгача муддатга 14 фоиз ставкаси асосида ажратилади.
Кредит олишда бошланғич бадаллар белгиланмаган.
Оралиқ тўловлар ҳар ойда амалга оширилиши керак.
Кредитда имтиёз муддати мавжуд эмас.
Таъминот тури сифатида учинчи шахсларнинг кафиллиги ҳамда суғурта полиси, таъминот суммаси сифатида эса 125% белгиланган.
Турон банк — контракт суммаси миқдоридаги маблағни 14% ставкаси асосида 8-15 йил муддатга ажратади.
Бошланғич бадалларсиз, ҳар ойда тўлаб бориш шарти мавжуд.
Банк мижознинг ўқиш даврига қўшимча равишда 6 ойлик имтиёзли муддат даврини беради.
Таъминот суммаси кредитнинг 125 фоизи миқдорида, таъминот тури эса гаров, учинчи шахс кафиллиги ёки суғурта полиси ҳисобланади.
Ипак йўли банки — 30 миллионгача пул миқдорини 26,9 фоиз ставкаси асосида 3 йил муддатга беради.
Бошланғич бадаллар талаб этилмайди.
Тўловлар даврийлиги ҳар ой.
Таъминот суммаси мавжуд эмас, тури бўйича гаров ёки учинчи шахс кафиллиги белгиланган.
Шахсий тажриба
Тўлов-шартнома пулини тўлаш учун таълим кредитидан фойдаланган Ўғилой Халилова:
«Тўлов-контракт асосида университетга қабул қилинганимни билганимдан сўнг, дарҳол таълим кредити ҳақида интернет орқали маълумот қидиришни бошлаганман. Кредит олмоқчилигимни айтганимда, ота-онам буни унчалик хоҳлашмаган» — дейди Ўғилой.Унга кўра, ота-онасининг ҳаёлида кредит деганда жуда мураккаб ва оворагарчилиги кўп нарса шаклланиб қолган.
Улар қийналиб бўлса-да контракт пулимни тўлай олишарди, лекин мен ота-онамга оғирлик туширишни хоҳламадим. Ҳозирча кредит олиб турай, кейинчалик бирор иш топиб, ота-онамга ёрдам бераман, деб ўйладим — қўшимча қилди у.Ўғилой барча керакли ҳужжатларни йиғишни ва югур-югурни ўз бўйнига олиб, келажакда шу кредит ортидан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига ота-онасини ишонтиргач, паспорт билан банкка борган.
Банклар аҳоли яшайдиган маҳаллаларига кўра тақсимланади, мижоз фақат ўз ҳудудига бириктирилган банкдан таълим кредити олиши мумкин.
«Шундай қилиб, бир дунё ҳаёллар билан банкка кириб бориб, кредит бўлимидан ҳафсалам пир бўлиб чиқдим. Сабаби банк ходими ‘ресурс тугагани’ учун кредит беришнинг иложи йўқлигини айтди. У десам, бу деди, хуллас, мен банкдан қуруқ қўл билан қайтдим» — дейди ўша вақтларни ёдга олган қиз.
Ўғилой Халилова нияти жиддий бўлгани ҳамда интернет орқали таълим кредити ҳақида етарлича маълумотга эга бўлгани туфайли ортга чекинмаганини айтади.
Ҳаёлимга фақатгина президент «портали»га ариза ёзиш келарди, чунки ходим мени ноҳақ қайтарганини билиб турардим. «Портал»га ёзган аризам бўйича мен билан икки кун ичида боғланиб, тезда банкка келишимни сўрашди. Боришим билан кредит ажратишларини айтиб, керакли ҳужжатларни йиғишимни ҳамда иккита кафил топишимни айтишди — дейди Ўғилой.Биринчи курснинг илк ярим йиллиги учун таълим кредитини имтиёзли давр билан 5 йил муддатга олган, 2 курснинг 1 ярим йиллиги учун ҳам ариза топшириб, унга эга бўлган Ўғилой биринчи курснинг иккинчи ярим йиллигига ариза топшириш учун улгурмаганини айтади.
Университетнинг иккинчи босқичида болаларга инглиз тилидан сабоқ бериб, 3-курсда интернет-нашрга ишга қабул қилинган Ўғилой бу сафар кредит олишга зарурат сезмаган.
Бу кредитга қизиққан курсдошларимга эринмай, ҳаммасини тушунтирдим. Афзалликларини айтдим, мендан кейин яна иккита курсдошим ўз яшаш ҳудудидан таълим кредити олди — дейди у.Ўғилойнинг фикрига кўра, таълим кредити шартлари, муддатига кўра талабалар учун жуда қулай.
Қийналиб, контракт пулини базўр тўлаган, тўлаётган талабаларни биламан ва нега таълим кредити олмаганига ҳайрон қоламан. Тўғри, банкка боришингиз билан таълим кредитини қўшқўллаб тутқизиб юбормасликлари мумкин.
Балки ҳар хил баҳона-ю важлар билан сизни қайтариб юборишга уринишар. Лекин ўз ҳуқуқингиздан, имкониятингиздан фойдаланишга тўсқинлик қилишларига йўл қўйманг — дейди таълим кредитининг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирган мижоз.Ўғилойнинг атрофдагилардан эшитишича, банклар учун таълим кредити ажратиш унчалик ҳам манфаатли эмас.
Шу сабабли у ерда сизни қучоқ очиб кутиб олмасликлари мумкин. Бироқ ҳукумат шундай йўл билан талабаларни қўллаб-қувватлашга шароит яратган экан, нега энди ундан фойдаланмаслик керак? — қўшимча қилди у.Университетни ўтган йили тамомлаган Ўғилой ҳозирда биринчи кредитини ёпганини, иккинчи кредити учун ҳар ой ўртача 200-300 минг сўм атрофида тўлашини айтади.
«Бу тўлов ойлик харажатларга ҳеч қандай халақит бермайди, оғирлиги йўқ. Талаба ўз кучига ишониб, таълим кредити олса, бундан фақат ютади. Чунки ўқиш давомида ҳам ишлаб, кредитни бемалол тўлаши мумкин» — дейди кредитнинг бу туридан самарали фойдаланган Ўғилой Халилова.
Изоҳ (0)