Хитой саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, Хитойда мобил телефон ишлаб чиқариш 2022 йилнинг биринчи етти ойида қисқарган. Бу ҳақда Sinxua хабар бермоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, жорий йилнинг январидан июлигача бўлган даврда мамлакатда 863 миллион дона мобил телефон ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоизга кам.
Бу даврда қарийб 665 миллион дона смартфон ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилга нисбатан 2,9 фоизга камдир.
Божхона маълумотларига кўра, Хитойнинг уяли телефон экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,5 фоизга камайиб, дастлабки етти ойда 470 миллион донани ташкил этди.
Бунинг Ўзбекистонга таъсири
Февраль ойи охирида Украинада бошланган уруш ва Россияга қўлланган санкциялар жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Шу жумладан, мамлакатнинг телефон импорти ҳам уруш натижасида бир қатор ўзгаришларга дуч келди.
Январь ойида Хитойдан мамлакатга қарийб 87 мингта телефон олиб келинган бўлса, февралда сезиларли даражада ўсиш кузатилган (221 минг). Бу кўрсаткич кейинги ойларда ҳам ошиб бориб, март ойида 224 мингтага етган.
Лекин апрель ойидан бошлаб импорт ҳажми пасайиб борганини кузатиш мумкин (207 минг), май ойида эса бу кўрсаткич кескин пастлаган (104,9 минг). Ўтган июль ойида эса Хитойдан 100 минг дона атрофида телефон олин келинган.
Бугунги кунда Ўзбекистон 7 ой мобайнида мобил телефонларни энг кўп импорт қилган давлат Хитойлигича қолмоқда. Шу давргача у ердан 1,1 миллион дона гаджет келтирилган.
Изоҳ (0)