Ашхободда ишсизликнинг юқори даражаси туфайли баклажка йиғиш ва уларни ҳақ эвазига қайта ишлаш марказларига топшириш камбағал аҳоли учун пул топиш усулларидан бири эди, деб ёзади «Хроника Туркменистана».
Нашрнинг таъкидлашича, шаҳар кўчаларида, боғлар, автобус бекатлари ва чиқинди қутиларида шиша йиғаётган катта сумкали одамларни тез-тез учратиш мумкин. Қабул пунктида қайта ишланадиган маҳсулотнинг килограмми учун 2 манатдан (6 минг сўмдан кўпроқ) тўланади.
Бироқ «Хроника Туркманистон» мухбирларига кўра, энди шаҳар маъмурияти хусусий шахсларга шиша йиғишни тақиқлашга қарор қилган, чунки бу йўл билан одамлар «мамлакатни шарманда қилмоқда».
Шаҳар ҳокимлиги буйруғи билан йиғиш пунктларида навбатчилик қилаётган милиция ходимлари баклажка йиғувчиларни ушламоқда. Қоидага кўра, ушланганлар баклажка йиғиш энди тақиқлангани ҳақида огоҳлантирилади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим ходимлари одамларга 50 манат (тахминан 157 минг сўм) жарима солган ҳолатлар ҳам бўлган.
Полициянинг тушунтиришича, энди фақат уй-жой коммунал хўжалигида рўйхатдан ўтган кўча тозаловчилар қайта ишланадиган буюмларни йиғиш ва топшириш ҳуқуқига эга.
Бунга қадар ишсиз ва баклажка териб юрганларни исталган вақтда кўчада топиш мумкин эди. «Хроника Туркменистана» журналисти билан суҳбатда одамлар бу тақиқ вақтинчалик эканига умид қилишини, чунки уларнинг иши ҳеч кимга халақит қилмаслиги, бу уларга пул ишлаш имкониятини бериши ва шаҳарнинг тозалигига ҳисса қўшишини айтган.
Изоҳ (0)