Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Покистон Америка учувчисиз учар қурилмаларига Афғонистонга кириш ва унинг ҳудудига зарбалар бериш учун ўзининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган. Бу ҳақда Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон» томонидан тайинланган мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Архив

Архив
Фото: Getty Images

У бу ҳақда «Ал-Қоида» етакчиси Айман аз-Завоҳирий июль охирида ўлдирилганидан кейин маълум қилди. Ўшанда АҚШ аз-Завоҳирий Кобулда эканидан хабар топган ва учувчисиз учар қурилма ёрдамида зарба берган эди. Тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмади, дея ишонтирганди АҚШ. «Толибон» ҳукумати Вашингтоннинг ҳужумини қоралаганди.

Ёқуб таъкидлашича, Афғонистон ҳаво ҳудудида патруллик қилиш учун дронлардан фойдаланилиши мамлакат чегараларининг очиқдан-очиқ бузилиши ҳисобланади.

«Биз Покистондан ўз ҳаво ҳудудидан бизга қарши фойдаланмасликни сўраймиз», — деди у.

Покистон АҚШнинг аксилтеррорчилик операциясига алоқадорлигини ва ундан хабардор бўлганини рад этди. Ёқубнинг баёнотига жавоб берар экан, Покистон ТИВ унинг гапларидан чуқур хавотир билдирди.

«Афғонистон вазирининг ўзи тан олганидек, ҳеч қандай далиллар бўлмагани ҳолда бундай тахминий даъволар қилиш чуқур афсус уйғотади ва масъулиятли дипломатик ҳулқ қоидаларига қарши чиқади», — деди муассаса вакили.

ТИВда қайд этишларича, Покистон барча давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ишонишини тасдиқлайди ҳамда терроризмнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди. Исломобод толибларни халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлашга ва ўз ҳудудидан қайсидир мамлакатга қарши террорчилик мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймасликка чақирди.

«Толибон» бир йил аввал Америка қўшинлари мамлакатдан олиб кетилганидан кейин ҳокимият тепасига келган эди. 2021 йил 15 август куни толибларнинг қуролли гуруҳлари Кобулга кирди, собиқ президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Толиблар янги ҳукуматни шакллантирди, аммо ҳеч бир мамлакат уни тан олмади, ҳаракатнинг ўзи эса бунинг учун керак бўлган барча шартлар бажарилган, деб ҳисоблайди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар