НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянснинг Арктикадаги иштирокини кучайтириш зарурлигини маълум қилди. У буни Россиянинг сўнгги пайтларда ушбу минтақада фаоллашгани билан изоҳлади. Бундан ташқари, Хитой Арктикага қизиқиш билдирмоқда, дейди альянс раҳбари.
«Пекин ва Москва Арктикадаги амалий фаолиятини оширишга ҳам келишиб олди. Бу чуқурлашиб бораётган стратегик ҳамкорликнинг бир қисми бўлиб, у бизнинг қадриятларимиз ва манфаатларимизга қарши чиқмоқда», — деди Йенс Столтенберг Welt am Sonntag нашрига берган интервьюсида.
НАТО бош котибига кўра, Россия Арктикада совет давридан қолган базаларни очган, у ерда гипертовушли ракеталар сингари янги илғор қуролларни жойлаштирган ва синовдан ўтказган.
«НАТО Арктикадаги иштирокини кучайтириши керак», — деди у. Столтенберг, шунингдек, Швеция ва Финляндиянинг альянсга қўшилиши фонида НАТОнинг Арктика мудофаасига қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди.
2020 йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Арктикани 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаган эди. Стратегияга кўра, Арктика зонасидаги рус қўшинлари замонавий қуроллар билан таъминланиши керак.
2013 йилда эса Хитой раҳбари Си Цзиньпин «Бир камар, бир йўл» ташаббусини илгари сурган. Унинг лойиҳаларидан бири — Хитойни Арктика орқали Европага олиб чиқадиган «Муз Ипак йўли». Ушбу лойиҳа доирасида Хитой Россия билан биргаликда Шимолий денгиз йўлини ишлаб чиқмоқда. 2035 йилгача Россия ҳукумати уни ривожлантириш учун 1,8 триллион рубль ажратади.
Россия ТИВ Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши Арктикадаги вазиятни мураккаблаштириши мумкинлигини айтган. 25 август куни Йенс Столтенберг Хитой ва Россиянинг Арктикадаги ҳамкорлиги НАТО манфаатлари ва қадриятларига таҳдид эканлигини билдирди. 27 август куни АҚШ Арктика минтақасида махсус топшириқлар бўйича элчи лавозимини жорий этиш ниятида экани маълум бўлди.
Изоҳ (0)