Буюк Британия томонидан Украина Қуролли кучларига тақдим этилаётган ҳарбий ва молиявий кўмак йил охирига келиб тугайди. Бу ҳақда The Times газетаси Британия Мудофаа вазирлигидаги манбасига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».
«Британияда Украинага бериш мумкин бўлган қурол тугаб бормоқда. Воқелик шундан иборатки, Бирлашган Қиролликнинг молиявий ҳиссаси йил охирига келиб ўз ниҳоясига етади», — деди газета суҳбатдоши.
Айни вақтда, The Times қайд этишича, Британия янги бош вазири Бирлашган Қиролликда молиявий вазият кескин бўлиб турган шароитда Киевни қўллаб-қувватлашган «миллиардлаб фунт стерлинг» сарфлаш мақсадга мувофиқлиги юзасидан қарор қабул қилиши керак бўлади.
Украинада Россия ҳарбий операцияси бошланганидан буён Буюк Британия Киевга ҳарбий ёрдам берилиши ҳақида бир неча марта эълон қилган. Сўнгги марта 27 август куни Британия Мудофаа вазирлиги Киевга олтита сувости дронлари юборилишини, улар қирғоққа яқин сувларда миналарни топишда ёрдам беришини эълон қилганди.
Июнь ойида «РБК» Кил жаҳон иқтисодиёти институтининг Украине Суппорт Tracker лойиҳаси асосида Лондоннинг Киевга ҳарбий ва гуманитар ёрдами 75 миллиард доллардан ошганини ҳисоблаб чиққанди, бу Украинанинг бир йиллик давлат бюджетидан 1,6 марта кўп демакдир.
Аввалроқ Украинага ёрдам сифатида юбориш учун қурол-яроғ захираси тугаб битгани ҳақида Германия канцлери Олаф Шольц ҳам маълум қилганди.
Россия ҳукумати Украинага Ғарб қурол-яроғлари етказиб берилишини қоралайди ва улар махсус операция мақсадларига эришишда халал бермаслигини айтади. Шунингдек, Россия ТИВ бундай қуроллар ортилган конвойлар қонуний ҳарбий нишонлар бўлиб ҳисобланишини кўп бора таъкидлаган.
Изоҳ (0)