Португалиянинг Помбал шаҳрида қазиш ишлари чоғида динозавр қолдиқлари топилди, деб ёзади «Интерфакс». Тахминларга кўра, бу Европада топилган энг йирик динозавр суякларидир.
The Guardian хабарига кўра, қазиш ишлари 2017 йилда, ер майдони эгаси тошга айланган ҳайвон қолдиқларини топиб олиб, Лиссабон университетига мурожаат қилганидан кейин бошланган.
Воқеа жойида Испания ва Португалия палеонтологлари ишламоқда. Улар умуртқа поғонаси ва қовурға суякларини топди. Аниқланган динозавр, мутахассислар фикрига кўра, завроподлар гуруҳидаги брахиозавридлар оиласига тегишли бўлган.
Завроподлар — бўйни ва думи узун бўлган тўрт оёқли ўтхўр динозаврлар гуруҳи. Улар Ерда мавжуд бўлган энг йирик ҳайвонлардир.
Аниқланган динозаврнинг баландлиги 12 метр, узунлиги 25 метрга етган. Топилма 150 миллион ёшда деб тахмин қилинмоқда.
Олимлар қайд этишича, бундай топилмалар жуда камдан-кам учрайди. Бундан ташқари, суякларнинг жойлашуви ҳайвоннинг табиий анатомик жойлашувини акс эттиради. Бу эса динозаврнинг бошқа қисмлари ҳам топилишини тахмин қилиш учун асос бўла олади.
Изоҳ (0)