Тайван ҳукумати Хитойнинг ҳарбий фаоллигига қарши туриш учун мудофаа харажатларини қарийб 14 фоизга оширишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Bloomberg.
Тайван Вазирлар Маҳкамаси 2023 йилга мўлжалланган харажатлар режасини тасдиқлади. Ҳарбий харажатлар 586,3 миллиард Тайван долларини (19,4 миллиард доллар) ташкил этади, бу 2022 йилга нисбатан 13,9 фоизга кўп.
Ҳарбий бюджетга қирувчи самолётлар ва бошқа ҳарбий техника учун 108,3 миллиард Тайван доллари миқдоридаги қўшимча харажатлар киритилган, дея хабар беради Reuters.
Июль ойи охирида Taipei Times нашри манбаларига таяниб, ҳукумат 2023 йилда мамлакат мудофаа бюджетини 4,09 фоизга — 382,6 миллиард Тайван долларига (12,78 миллиард доллар) оширишни режалаштираётгани ҳақида ёзганди.
Август ойи бошида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрди. Сафар оролни ўзининг айирмачи ҳудуди деб ҳисоблайдиган Пекинни ғазаблантирди, Хитой томони буни Вашингтон томонидан ХХР ички ишларига аралашишга уриниш деб ҳисоблади.
Пелосининг ташрифи туфайли Хитой Тайван қирғоқлари яқинида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди. Қўшма Штатлар ва Тайван Хитойнинг манёврларини қоралади.
Изоҳ (0)