Фарғонада мустақиллик байрами муносабати билан бир кунда 589 нафар болага суннат тўйи қилиб берилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Таъкидланишича, Фарғона шаҳридаги «Файз» ҳамда Қўқон шаҳридаги «Ўрда» тантаналар мажмуасида бир вақтда ўтказилган суннат тўйи вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳомийлар кўмагида ташкил этилган.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 31 нафардан – жами 589 нафар болажонлар учун ўтказилган тўйда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят фаоллари, болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари ҳамда дўстлари иштирок этди.
Ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган, дафтарларга киритилган оилаларнинг фарзандлари – мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларидан иборат тўйболаларга сарполар кийдирилиб, ҳомий ташкилотларнинг велосипед ва бошқа қимматбаҳо совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Изоҳ (0)