АҚШда Россия яқин вақт ичида Украина фуқаролик инфратузилмасига ва давлат объектларига янги зарбалар беришни режалаштираётгани ҳақида разведка маълумотлари бор. Бу ҳақда Reuters ва The New York Times америкалик мансабдорлар баёнотларига таяниб хабар бермоқда.
АҚШ ҳукуматида қайд этишларича, расмий шахсларнинг хавф борасидаги хавотирларини максимал даражада кенг аудиторияга етказиш учун разведканинг ушбу огоҳлантириши ошкор этилмоқда. Давлат департаменти яна бир марта АҚШ фуқароларини отишмалар хавфи туфайли Украина ҳудудини тарк этишга чақирди.
Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси ҳам украиналикларни огоҳлантириб чиқиш қилди. Фуқаролар Украина Мустақиллиги кунида айниқса эҳтиёт бўлишга даъват этилди.
«Мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам ракета зарбалари ва бошқа провокациялар эҳтимоли катта. Россия ва Путин режими Украина мустақиллигига ҳужум қилди. Улар ҳақиқатан ҳам саналар ва рамзлар шайдоси, шунинг учун Мустақиллик куни ҳам ҳужумга учрашига олдиндан тайёр туриш ҳам мантиқий бўлади», — деди Разведка бош бошқармаси вакили Андрей Юсов миллий телемарафон эфирида.
23 август куни Украинада Миллий байроқ куни, 24 августда эса Мустақиллик куни нишонланади. Халққа қилган сўнгги мурожаатларидан бирида Украина президенти Владимир Зеленский шу кунлари «Россия ғоятда жирканч, ғоятда шафқатсиз бирон нарса амалга оширишга уриниши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирганди.
Киевда бир ҳафта давомида оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди. Киевнинг ҳукумат даҳасида жойлашган муассасалар ходимларига 22 августдан 26 августгача уйдан ишлаш тавсия этилди. Шаҳар полицияси киевликлардан 23—25 август кунлари ҳаво тревогаси сигналларини эътиборсиз қолдирмасликни сўради.
Мавзуга доир:
- Харьковда қариялар ва болалар яшайдиган бино ўққа тутилди. 7 киши ҳалок бўлди (видео)
- Путин Киевни 3-4 кун ичида эгаллашни режалаштирган. Washington Post Путиннинг Украинадаги режаларини фош қилди
- Николаевнинг ўққа тутилиши оқибатида Украинадаги энг йирик дон компанияларидан бирининг эгаси ҳалок бўлди
Изоҳ (0)