Россия президенти Владимир Путин машинаси портлаб ҳалок бўлган журналист Даря Дугинани вафотидан кейин «Жасорат» ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар берилган.
Фармон матнига кўра, Дугина «Сарград» нашри мухбири сифатида — «касбий бурчни бажаришда кўрсатган жасорати ва фидоийлиги учун» мукофотланган.
22 август куни Путин Дугинанинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Президент уни «чинакам рус қалбига эга ёрқин, истеъдодли инсон — меҳрибон, севимли, зийрак ва очиқ одам эди» деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, файласуф ва сиёсатшунос Александр Дугиннинг қизи, 29 ёшли Даря Дугина 20 август куни кечқурун Подмоскведа автомобили портлаши оқибатида ҳалок бўлди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати Дугинанинг ўлдирилишини Украина махсус хизматлари уюштирганини, ижрочи эса Украина фуқароси Наталя Вовк эканлигини даъво қилди. Киев қотилликка алоқадорлигини рад этмоқда.
Александр Дугин қизининг ўлимидан сўнг Россияни «ғалаба қозонишга» чақирди, у ўз чақириғида Украина билан урушни назарда тутган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)