Япония ҳукумати минтақадаги кескинликнинг кучайиши ҳамда Хитой ва Шимолий Кореянинг ҳаракатлари туфайли узоқ масофага учувчи қанотли ракеталар арсеналини 1000 тагача ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Япония Вазирлар Маҳкамасидаги манбаларга таяниб, Yomiuri Шимбун нашри хабар берди.
Нашрнинг таъкидлашича, учиш масофаси 100 километрга яқин бўлган мавжуд ракеталар минг километргача бўлган масофадаги нишонларга зарба берадиган тарзда модернизация қилинади.
Ушбу ракеталарни кема ёки самолётлардан учириш мумкин бўлади. Қуроллар Шимолий Корея ва Хитойнинг қирғоқбўйи ҳудудларига етиб бориши учун уларни асосан жанубий Нансей ороллари атрофига жойлаштириш режалаштирилган.
Хабарда айтилишича, бу режа 2022 йилнинг 2—3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифидан кейин орол атрофида кескинлашган вазият билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилмоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ташрифни Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўпол равишда бузиш деб атаган ҳамда «қатъий, кучли ва самарали» чоралар кўришга ваъда берганди. Кейин Пекин Тайван атрофидаги олтита зонада энг йирик ҳарбий машғулотларни ўтказди.
Изоҳ (0)