Суданнинг Хартум шаҳридан Эфиопиянинг Аддис-Абеба шаҳрига учаётган самолёт учувчилари парвоз вақтида ухлаб қолгани сабабли қўниш вақтида ташвишли вазият юзага келди, деб ёзмоқда Daily Стар.
Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг ET343 рейси 15 август куни 11 километр баландликда бўлганида, иккала учувчи ҳам самолётни автопилотга қўйиб ухлаб қолган. Диспетчерларнинг учувчилар билан боғланишга уринишлари ёрдам бермаган ва самолёт аэропорт ёнидан учиб ўтиб кетган.
Йўловчилар бахтига фалокатнинг олди олинди. Boeing белгиланган манзил ёнидан учиб ўтганида, учувчилар сигнал овозидан уйғониб кетган. Улар самолётни ортга буриб, хавфсиз қўнишга муваффақ бўлган, ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган.
«Учувчиларнинг чарчаши янгилик эмас ва бу халқаро миқёсда авиация хавфсизлигига энг катта таҳдидлардан бирини яратишда давом этмоқда», — дейди авиация бўйича таҳлилчи Алекс Маҳерас.
Икки учувчи парвоз вақтида нима сабабдан ухлаб қолганини аниқлаш учун тергов бошланди, бироқ уларга ҳеч қандай жазо берилмади.
Изоҳ (0)