Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида пробация хизматида ҳисобда турувчи маҳкум профилактика инспекторларига пичоқ билан таҳдид қилганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Воқеа 13 август куни юз берганди. Тунги хизматда бўлган Янгиҳаёт тумани ИИБ икки нафар профилактика инспекторлари тушган хабарга кўра, хонадонларнинг бирига борганида, пробация хизматида ҳисобда турувчи 35 ёшли маҳкум маст ҳолда турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уни қувиб юрганини кўрган ва уни тинчлантирмоқчи бўлишган.
Бироқ маҳкум уларга фаол қаршилик кўрсатган ва бу жараёнга унинг турмуш ўртоғи ҳамда онаси аралашиб, профилактика инспекторларининг хизмат кийимларини йиртган.
Шу пайтда маҳкум уйидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, иккала қўли билак соҳасини кесиб, ўзига тан жароҳати етказган ва профилактика инспекторларига пичоқ билан таҳдид қилиб, қувлаган. Профилактика инспекторлари қўшимча ёрдам ҳамда тез тиббий ёрдам ходимларини чақирган ва жабрланган маҳкум шифохонага олиб кетилган.
Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ИИБ профилактика инспекторларига пичоқ билан таҳдид қилган маҳкум ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)