Қримнинг Саки туманидаги Новофедоровка қишлоғи яқинида жойлашган Саки аэродромида ўқ-дорилар портлаб кетиши оқибатида жабрланганлар сони 13 кишига етди, деб ёзади «РБК» минтақа Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.
Саки туман касалхонасида ўн нафар жабрланувчига, шу жумладан, икки нафар болага тиббий ёрдам кўрсатилган, уларнинг барчаси енгил даражали шикастланишлар олган. Бир бемор касалхонада қолган.
Яна икки киши аввалроқ Симферополда тез ёрдам касалхонасига тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, зарур кўмак берилганидан кейин, улар уйларига юборилган.
9 август куни Саки курорти ҳудудидаги Новофедоровка қишлоғи яқинида кетма-кет портлашлар содир бўлганди. Қишлоқнинг шарқий чеккасида, турар-жой зонасидан ташқарида ҳарбий аэродром жойлашган. Мудофаа вазирлиги ҳодисани авиация ўқ-дорилари портлаб кетиши билан изоҳлади. «Интерфакс» ва «РИА Новости»нинг ҳарбий идорадаги манбаларига кўра, ўқ-дорилар портлаб кетишига ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган.
Портлашлар оқибатида бир киши ҳалок бўлди, деб маълум қилди Қрим раҳбари Сергей Аксенов. Унинг аниқлик киритишича, Новофедоровка ҳудудида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва обеткдан 5 км масофада қуршов ўрнатилган. Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков ярим оролда фавқулодда ҳолат киритилганини рад этди, аммо террорчилик хавфининг юқори даражаси 24 августга қадар узайтирилди.
Саки фуқароларидан бири «РБК»га маълум қилишича, етти марта «жуда кучли портлаш» овозлари эшитилган, эвакуация фақат корхона ҳудудидан амалга оширилган. Яна бир фуқаронинг айтишича, у камида 15 та портлаш овозини аниқ эшитган. Гувоҳлар маълум қилишича, портлаш тўлқинидан биноларнинг ойналари парчаланиб кетган. Портлашлардан бири оқибатида эса ҳатто тўққиз қаватли турар жой биноси тебраниб кетган.
Изоҳ (0)