Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, 5 та боб, 34 та моддадан иборат қонун лойиҳаси билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда.
Белгиланаётган нормалар билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш ва унга адвокатларни киритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартиби жорий этилади.
«Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатларини кучайтиришга, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда давлат томонидан ушбу мақсадда ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назоратни ўрнатишга хизмат қилади», — дейилади хабарда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳ (0)