Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон халқ артисти, маданият вазири Озодбек Назарбеков «Chotki TV» YouTube каналига берган интервьюсида Канизанинг ижодига муносабати, Жасур Мавлонов ва Санжайнинг келишмовчилиги, шу билан биргаликда санъаткорларга бериладиган лицензиянинг нархи туширилгани, ушбу нарх нималарга қараб белгиланиши, уларга мукофот беришда қанчалик шаффофликка амал қилинаётгани ҳақида гапирди.

Санжай ва Жасур Мавлоновнинг келишмовчилиги ҳақида

«Жасур Мавлонов Санжай билан келишмай қолган экан, мен эшитмаган эдим, кейинроқ етказишди. Кейин Жасурни чақирдим ва насиҳат қилиб қаттиқроқ гапирдим. Бугунги ёшларда мана шунинг ортидан пиар қилиб эътиборга тушиш истаги бор. Ҳаттоки бир-иккита жойдан эшитиб қолдим, менга тушунтириб беришдики, икки тараф ҳам олдин телефонда урушиб кейин шу жойда тўхтаб буни интернетда қиламиз дер экан. Ўзи урушиб турибди, лекин шу ерда ҳам пиар эсидан чиқмас экан. Бу ишлар яхши эмас. Ҳа, деса шу билан эътирборда туриш мумкин деркан. Ундан кўра меҳнат қил, эътиборда туриш учун, сен ижодкор бўлиб майдонга кириб келгансан. Сен фақат ижод билан эътиборда тур. Мени назаримда ким пиар қилиб эътиборга тушаман деса, ўша одам орқага кетади. Ундан кўра ҳалол баҳосини олиб яшасин. Шундан кейин Жасурни қаттиқ койидим, интернетда ҳам кўринмаяпти», — дейди хонанда.

Санъаткорларга мукофот беришда қанчалик шаффофликка амал қилинмоқда?

«Маданият вазирлигидаги ‘Маданият фидокори’ деган кўкрак нишонига ваколатимиз бор. Бошқа орденларга ҳам мутлақо алоқамиз йўқ дея олмайман, ўзимиздан юқори идораларга ҳужжатларни биз берамиз. Ҳаммасини ортиқчаси билан киритамиз, у ердаги мукофотларни бериш бўйича комиссия бор, улар ижодкорлардан, хонандалардан, бастакорлардан, ёзувчи ва шоирлардан ташкил топади. Ушбу комиссия ҳар йили бошқатдан ташкил қилинади ва ишлар ёпиқ тарзда кўриб чиқилади», — дейди маданият вазири.

Канизанинг «хурмача» қилиқларига муносабати

«Кўпинча Канизанинг ‘хурмача қилиқлари’ ҳақида менга ёзишади. Нима қилиш мумкин буни, нима қилса бўлади? Катта, ақлини таниган одам. Унга бирон жазони қўллаш мумкиндир, эртага у менга чиқиб айтиши мумкин, мана интернетда шунча одам ёмон гапириб ёзяпти, нимага уларга жазо қўлламаяпсан деб. Ана бошқалар мендан ҳам ёмон ишни қиляпти, уларга ҳам жазо борми дейиши мумкин. Ўзини ҳурмат қилмаган инсонга мен нима дейишни билмайман. У ўзини ҳурмат қилмаяпти, бутун халқ ёмон гаплар гапирса ҳам яна шу ишни қиляпти», — дейди Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков.

Фото: Instagram /@ozodbek_axmadovich

Фото: Instagram /@ozodbek_axmadovich

Санъаткорларга бериладиган лицензиянинг нархи ва ушбу нарх нималарга қараб белгиланиши ҳақида 

«Лицензия адашмасам 2001 йилда жорий этилган. Бу нима учун жорий қилинган? Энг аввало, ижодкорлардан солиқ ундириш тизими бўлмагани учун ушбу механизм жорий қилинган. Ўша пайтда умумий ҳисоб-китоб қилиниб бу санъаткор қанча топади, бошқаси қанча, Тошкентдагилари, вилоятдагилари қанча топиши топиши ўтириб муҳокама қилинган. Бу тизим солиқ ундириш сифатида,  санъаткорларнинг даромадини ҳам, ҳаражатини ҳам билишнинг иложи йўқ бўлгани учун бир марталик оддий тўлов қилиш белгиланган. Бироқ охирги йилларда тўй индустрияси издан чиққанининг гувоҳи бўляпмиз. Шу жараёнда эътирозлар пайдо бўла бошлади. Бундан 10 йил олдин лицензияларга ҳеч қандай эътироз йўқ эди, ким нима деса ҳам хўп деб лицензиясини олиб фаолиятини давом эттираверарди. Тўй инсдустрияси ҳам жойида эди, бемалол ҳаражатларни қоплай оларди. Охирги йилларда лицензиянинг аҳамияти унча қолмади, чунки солиштириб кўрилганда даромади унча қопланилмаётган вазиятлар юзага келди.

Лицензия ҳақида янгиликни айтадиган бўлсам яқинда президентимиз лицензия фаолияти бўйича янги фармонни имзолади. Бу эса жуда катта имтиёзларни тақдим этди. Имтиёзлар берилмасдан олдин лицензия нархи биринчи рейтингдаги санъаткорлар учун йилига 62 миллион сўм эди, шу нарх 9 миллионга туширилди. Бу нарх ўтган йили 21 миллионга туширилган эди. Лицензия беришда биринчи ва иккинчи категория бирлаштириб юборилди, бунда эса ваколат бир хил, тўловда фарқ бўлар эди.

Уларнинг рейтинги унвони, тўйларда қанақа фаолият юритаётганига қараб белгиланади. ‘Ўзбекконцерт’дан лицензия олишга келганида суҳбат қилинади ва мана шу жиҳатларига эътибор берилади. Бу нарса ўзи даромадига ҳам қараб белгиланади. Яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, лицензиянинг келажаги йўқ. Шунинг учун келажакда, албатта, ундан воз кечамиз», — дейди хонанда.

Мавзуга доир:

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Нукус воқеалари бўйича уч нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими қамоққа олинди 
Дунё
G7 давлатлари Хитой, Шимолий Корея ва Эронга қарши санкциялар тайёрламоқда — Bloomberg
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг январь ойидаги бюджет даромади очиқланди