Бугун ҳар қандай фильмда ўзини намоён қила оладиган, нафақат ўзбек кино оламида, балки, рус кинематографиясида ҳам шуҳрат қозонган актёр Сейдулла Молдахановнинг ҳаёт ва ижод йўлларига назар соламиз.
Сейдулла Молдаханов 1958 йил 24 май куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Актёр интервьюларидан бирида оиласининг мутлақо санъатга алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
10 ёшларда эдим. Отам уйга ўша пайтлари урф бўлган оқ-қора тасвирли телевизор олиб келдилар-у, мен ўзимни киноактёр сифатида кўра бошладим. Яқинларим «Катта бўлсанг, ким бўласан?» дейишса, ҳеч иккиланмай «Актёр!», дердим. Орзумдан хабар топган тоғам Москвадаги кинематография университети (ВГИК)да актёрликка ўқитишади дегач, у ерга ўқишга киришни ўйлай бошладим. Ниятимга етдим ҳам.Сейдулла Молдаханов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Мактабни тугатиб, Москвадаги кинематография университетига ҳужжат топширган Сейдулла Молдаханов имтиҳондан йиқилади. Актёр болалигидан ўқишни орзу қилган институтига қабул қилиниши ҳақидаги қийинчиликларни шундай хотирлайди.
Актёр бўлиб етишишим чинданам осон бўлмади, аввалига ўқишга киролмадим, сўнг бир неча маротаба театр студиялари учун ташкиллаштирилган имтиҳонлардан йиқилдим. Бекор юрмаслик учун заводга ишга кирдим ва шу ердаги маданият саройи қошида очилган театр жамоасига қатнай бошладим.Жамоамиз билан турли фестивалларда ҳам иштирок этганмиз. Бу мен учун катта мактаб бўлиб хизмат қилган. Орадан бир йил ўтиб, маданият институтининг тайёрлов курсига илиндим. У ерда ҳам икки йил таҳсил олдим. «ВГИК»дан ўзбек гуруҳини тузиш учун мутахассислар келишганини эшитиб, имтиҳонда қатнашдим.
Биринчи босқичдан ўтдим, аммо кейингисида мени эшитишмади ва «Режиссёрликка ўқиётган экансиз, давом эттираверинг», дейишди. Мен эса хонада ўтирганларнинг барчасига қўполлик қилиб чиқиб кетдим. Шу воқеадан кейин мени кейинги босқичга ўтказишди. Орадан икки йил ўтиб, бунинг сабабини билдим. Ҳайъат аъзолари орасида Москвадан келган киши менинг ҳолатимни кўриб, «Ана шундай йигитлардан ҳақиқий актёр чиқади», деган экан. Унинг бир ојиз сўзи билан мени «ВГИК»га олишган, индамаганидами, орзумдаги университетда ўқиш насиб қилмасмиди, эҳтимол.
Сейдулла Молдаханов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Кинодаги фаолияти ҳақида
Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси матбуот хизматининг маълумотига қараганда, Сейдулла Молдаханов меҳнат фаолиятини «Ўзбекфильм» киностудиясида 1983 йилда бошлаган.
Сейдулла Молдахановсиз ўзбек киносини тасаввур қилиш қийин. У 80 га яқин телесериал ва кинофильмларларда ҳам ранг-баранг ролларни маҳорат билан ижро этди. Жумладан, кинорежиссёр Юсуф Розиқовнинг «Ўртоқ Бойкенжаев» фильмида директор, «Сиз кимсиз»да Салим, режиссёр К.Камалованинг «Набирамиз милицияда ишлайди»да Пўлатов, «Клиника» да талаба, Жаҳонгир Қосимовнинг «Назира» фильмида корейс, Б.Бердиевнинг «Қасос» фильмида майор, О.Йўлдошевнинг «Уқубат» фильмида капитан, Мурод Ражабовнинг «Улфатлар» фильмида тренер, Ҳилол Насимовнинг «Фақат ғалаба» фильмида хитойлик тренер, Ёдгор Саъдиевнинг «Шайтанат» миллий сериалида Ҳамдам, Музаффар Эркиновнинг «Саодат» телесериалида Норқобил, Рустам Мелиевнинг «Мақсад» фильмида генерал каби образларини халқимиз севиб томоша қилади.
Ўзимизда эпизод, чет элда бош қаҳрамон ролларида…
Сейдулла Молдаханов нафақат ўзбек киносида, балки МДҲ давлатлари киночилари томонидан суратга олинаётган фильмларда ҳам суратга тушиб шуҳрат қозонмоқда.
Хусусан, украиналик кинорежиссёр С.Чекаловнинг «Полярний рейс» да Шаман, «Сердса трёх» фильмида Рудолфо, Қозоғистон киночиларининг «Возврашение» фильмида Аюмов, «Сердсе моё — Астана» да таксист, Россия кино усталарининг «Висоский»да врач, «След саламандри»да Умар, «На краю стою»да чўпон, «Ден победи»да ўзбек, «Адаптация»да Хасава, «София»да Тимур, «Гостиница Россия» телесериалида Нуритдин, «Родина»да Миямото, «Звёзди»да бригадир, «Приключения в стране чатранга»да ота, «Уснувший пассажир»да Мусалим каби образлари шулар жумласидандир.
Актёр чет эл фильмларида Осиё халқларидан барчасини ўйнагани ҳақида шундай хотирлайди.
Рус фильмларида мен мавжуд Осиё халқларининг ҳаммасини ўйнагандекман (кулади). У якут, япон, хитой, ҳинд ва бошқалар эди. Ҳозир, масалан, мен параллел равишда: бир лойиҳада қрим-татар ва бошқасида Ўрда жангчиси (15-аср воқеалари ҳақидаги фильм) ролини ўйнаяпман. Айтганча, яқин келажакда яна бир жуда яхши экзотик рол бор — Ненец қишлоғининг бошлиғи роли. Бу фильм нефть қазиб олувчилар тундрага қудуқларни ўзлаштириш учун қандай келишлари ҳақида.Кино оламидаги оғир кунлар ҳақидаСейдулла Молдаханов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Актёр кино оламидаги оғир кунларда молиявий етишмовчиликлар сабаб бироз танаффус қилиб, бизнес билан шуғулланишга мажбур бўлади. Ўша йиллар ҳақида Сейдулла Молдаханов шундай дейди:
Албатта, мен ҳам, бошқа актёрлар ҳам 90 йилларнинг ўрталарида, кино деярли нобуд бўлаётган пайтда оғир кунларни бошдан кечирдик. Кейин бизнесга кирдим, матбаа билан шуғулландим, спорт клубида ишладим. Мен театрни тарк этишга мажбур бўлдим. Йўқ, у молиявий жиҳатдан хавфсиз эди, лекин психологик жиҳатдан қаттиқ босди. Кейин, Худога шукур, ҳаммаси яхшилана бошлади. Мен театрга қайтдим ва биринчи қўйган спектаклим «Оқ қора лайлак» бўлди.Сейдулла Молдаханов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Ўттиздан ортиқ халқаро театр фестиваллари қатнашчиси
Сейдулла Молдахоновни кинодаги бир-биридан фарқли, зиддиятли, ўзига хос роллари билан эслаб қолишган. Лекин актёр театр саҳнасида ҳам катта ишлар қила олган ижодкор ҳисобланади. У ўтган давр мобайнида театр саҳнасида 30 дан зиёд турли образларни яратди.
У «Илҳом» театрида саҳналаштирилган «Оппоқ, оппоқ қора лайлак» спектаклида Саид, «Сем лун»да Мани, «Бахтли гадойлар»да Саед, «Руҳ»да Мулла, «Петрушка»да Мавр, «Дожд за стеной» мусиқали драмасида ота, «Подражение корану»да сайёҳ каби бош ролларни катта маҳорат билан ижро этиб келмоқда. Ушбу спектакллар Америка, Япония, Германия, Россия каби кўплаб давлатларда ҳам намойиш этилиб, 30 дан ортиқ Халқаро театр фестивалларида фаол қатнашди.
Ва озгина эътибор, камгина эътироф ҳақида
Актёрнинг шунча йиллик меҳнатлари жуда катта десак муболаға бўлади-ю, аммо ҳар қалай турли унвон ва мукофотларга муносиб кўрилган.
У 2003 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланган. 2006 йили Россия кино режиссёри Ф.Петрухин томонидан суратга олинган «Ден победи» номли бадиий фильмида ўйнаган ўзбек роли учун «Энг яхши иккинчи даражали рол» номинациясига сазовор бўлди. Ўзбекистон ва Эстония ҳамкорлигида режиссёр Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган «Дом для русалок» бадиий фильми эса 2016 йилда «Марказий Осиёнинг энг яхши фильми» деб топилган.
Сейдулла Молдахоновнинг деярли 40 йиллик меҳнат фаолиятидаги биз билган мукофот-у унвонлари шулардангина иборат холос.
Оилага садоқатда барча актёрларга ўрнак актёр
Сейдулла Молдаханов оилага вафо масаласида нафақат ҳамкасбларига, балки кўплаб мухлисларига ҳам ўрнак бўла олади. Актёр «Соғдиёна» газетасига 2017 йилда берган интервьюсида оиласи ҳақида ва оилага садоқат ҳақида шундай дейди:
Қизим дипломатия университетини тамомлаб, Москвада ўқишни давом эттирди. Ҳозир халқаро иқтисодиёт йўналиши бўйича йирик компаниялардан бирида фаолият юритиб келяпти. Турмушга чиққан, набирам бор. Ўтган йили театрдан рухсат олиб, Москвага йўл олдим, набирамнинг қандай атак-чечак отаётганини кўргим келганди-да. Бобо бўлиш бошқача бўларкан. Тошкентга келганида тандирда ёпилган нонимизни ёқтириб қолди. Бир бутун нонни қўлига олволади-да, маза қилиб паққос туширади. Шундан бошқасини емайди.Аёлим хореограф. Кўп йиллар бадиий жамоага раҳбарлик қилди, яқинда нафақага чиқиб, набирамизга қараяпти.
Менинг бахтли турмуш сирим бу — муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва ишонч. Рафиқам рус миллатига мансуб, аммо шарқона тарбия кўрган. Мени тушуниб, қўллаб-қувватлаб ва меҳр кўрсатиб яшаяпти. Бу йил турмуш қурганимизга 36 йил бўлади, 4 йил бир-биримизни синаганмиз. Демак, 40 йилдан бери биргамиз. Ҳозир ҳам кунига ўн марталаб қўнғироқлашамиз, бир-биримизни соғинамиз, бахтли турмуш сири шу бўлса керак-да. Очиғи, бир неча марталаб уйланадиган эркакларни тушунмайман, ҳеч кимни севмаганми улар? Бир пайтлари ишсиз ҳам юрдим. Етти йиллар чамамда, суратга тушмадим, театрдан кетдим, ўша дамларда рафиқам менга далда бўлди. Актёрлардаги кризис даври қийин кечади, айримларнинг тоқати етмай енгилади. Яқин дўстларим орасида ҳам шундайлари бўлган, шукр, оиламнинг кўмаги билан мен улардан ўтолдим.
Сейдулла Молдаханов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Изоҳ (0)