Қозоғистонда паром флотини қуришга қарор қилинди. Келгусида мамлакат Марказий Осиё минтақасидаги асосий транспорт-логистика хабига айланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Қосим Тлепов сўз юритди.
Унинг айтишича, ҳозирга қадар фойдаланилмаган салоҳият асосий муқобил йўналишлардан бири бўлмиш Транскаспий халқаро транспорт йўналишидир.
Бугунги кунда инфратузилмамизнинг ўтказиш салоҳияти деярли 21 миллион тоннани ташкил этади. Биз бу йўналишда исталган турдаги юкларни ташиш имкониятига эгамиз», — дейди Қосим Тлепов.
Қозоғистон ўз савдо флотига эга. Булар бугунги кунда Каспий денгизида фаол ишлаётган ва контейнерлар ташишни таъминлаётган юк ташувчи тўрт кемадир.
Йил охирига қадар миллий денгиз ташувчиси — «Казмортрансфлот» компанияси яна иккита контейнер ташувчи кемани фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.
Биз ўз паром паркимизни қуриш ниятидамиз. Узоқ муддатли истиқболда уларнинг сонини 10 тага етказмоқчимиз. Бугунги кунда асосий монополист, албатта, Озарбайжон юк ташувчи компаниясидир, — деди Қосим Тлепов.
Қўмита раҳбарининг таъкидлашича, контейнерлар оқими кўпайтирилаётгани муносабати билан Оқтау портида контейнерлар хабини қуриш режалаштирилган.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда халқаро транспорт-логистика компанияси ва жаҳон контейнер операторларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)