Сунъий йўлдошдан олинган тунги ёруғлик тасвирларига кўра, Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари баҳоланди. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти хабар берди.
Тунги чироқларнинг фазовий тасвири (NTL — Nighttime lights) минтақаларнинг иқтисодий кўрсаткичларини баҳолашда фойдаланиладиган маълумот тури ҳисобланади.
NTL мамлакат ҳудудлари аҳолиси, унинг зичлиги, ишлаб чиқариш кучларининг жойлашуви, малакат ҳудудининг иқтисодий фаол қисми ҳақида тасаввурни шаклланитиришга ёрдам беради.
У сунъий йўлдошдан олинган тунги ёруғлик тасвирини 63 хил рангда қайта ифодалаш натижалари орқали ҳисобланади.
Унга кўра, 2021 йил декабрь ойида тунда ёритилганлик даражаси 2016 йилга нисбатан Ўзбекистонда 47,2 фоиз, Қирғизистонда 11,8 фоиз, Қозоғистонда 15,5 фоиз, Туркманистонда 37,5 фоиз, ва Тожикистонда 64,4 фоизга ортган.
Шунингдек, 2021 йилда ЯИМ 2016 йилга нисбатан Ўзбекистонда 27,3 фоиз, Қирғизистонда 7,8 фоиз, Қозоғистонда 14,9 фоиз, Туркманистонда 35,2 фоиз ва Тожикистонда 41,1 фоизга ортган.
Тунги ёруғлик даражаси мамлакатларнинг иқтисодиёти кўлами билан мос тушади. Хусусан, ўрганилган 5 мамлакат орасида Қозоғистон ЯИМ бўйича етакчи ва ёруғлик даражаси энг юқори.
Кейинги ўринларда Ўзбекистон ва Туркманистон жойлашган. Қирғизистон ва Тожикистон ЯИМ ҳажми бўйича ҳам тунги ёруғлик даражаси бўйича ҳам охирги ўринларда.
Ўзбекистонда Хоразм, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ёруғлик даражаси 2016—2021 йилларда 1,9—3,6 баробаргача ортган.
Ёруғлик даражасининг энг кам ўзгариши Қашқадарё вилоятида кузатилиб (0,8 фоиз), вилоят ЯИМ ҳажми бўйича ҳам ҳудудлар орасида энг кам ўсиш (18,9 фоиз) кўрсаткичига эришган.
Изоҳ (0)