Шимолий Корея Донецк ва Луганск халқ республикалари билан давлат муносабатларини ривожлантирмоқчи, деб хабар берди Корея Марказий Телеграф агентлиги.
Агентликнинг маълум қилишича, 13 июль куни Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ДХР ва ЛХР ташқи ишлар вазирларига мактублар юборган.
Мактубларда у «Шимолий Корея ҳукумати ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олишга қарор қилгани ҳамда ушбу республикалар билан давлат муносабатларини мустақиллик, тинчлик ва дўстлик идеалига мувофиқ ривожлантириш истагини билдирган», дейилади агентлик хабарида.
Шимолий Корея 13 июль куни Донецк Халқ Республикаси мустақиллигини тан олди. Бу ҳақда ДХР раҳбари Денис Пушилин маълум қилди ва буни республика дипломатиясининг «яна бир ғалабаси» деб атади.
Кейинчалик КХДРнинг Россиядаги элчихонаси Пхеньян ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олганини тасдиқлади. Шунингдек, КХДР ва ЛХР элчилари учрашуви амалга ошгани, яқин вақт ичида Шимолий Корея раиси ЛХР элчиси билан учрашиши маълум қилинди.
Шундан сўнг Украина КХДР билан дипломатик муносабатларини узди.
Изоҳ (0)