Тошкентдаги бир қанча кўп қаватли турар жой биноларининг деворларига узоқдан ҳам кўриниб турувчи ёрқин рангдаги реклама воситалари жойлаштирилгани кузатилмоқда. Бунга аҳолининг муносабати ҳақида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълумот берди.
Улар айниқса, пойтахтнинг марказий кўчаларида бўлиб, унда дунёдаги энг йирик брендларидан тортиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рекламаларигача учратиш мумкин.
Мамлакатда саноатнинг ривожланиши билан реклама қурилмаларини баланд биноларга жойлаштиришга талаб ортиб бормоқда.
Кўп қаватли уйлар деворларининг юзасида деворий рекламаларни жойлаштириш бўйича стандартлар мавжуд эмас.
Бундай рекламаларни жойлаштиришнинг қонуний шартлари қандай?
Бинолар, конструкциялар юзасига ташқи реклама қурилмаларини ўрнатиш ушбу объектда яшовчи аҳоли билан шартнома асосида келишилган бўлиши керак.
Бундай шартнома мазкур уйларда яшовчилар билан умумий йиғилиш ўтказиш орқали тузилади.
Шундан кейин фақат 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаганда розилик берилади ва реклама воситасини жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлинади.
Кўп қаватли уй деворларининг юзасида деворий реклама конструкцияларини ўзбошимчалик ва тегишли шартномасиз жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Бундан аҳолига қандай фойда бор?
Реклама тарқатувчи деворий рекламадан фойда олиши аниқ ва тушунарли.
Аҳоли эса ташқи рекламани жойлаштирганлиги учун тўланадиган пул ҳисобидан уйнинг том қисми, кириш йўлаклари, уй атрофини ободонлаштириши мумкин.
Қонунга мувофиқ, фақат аҳоли розилигидан сўнг кўп қаватли уй деворларига реклама жойлаштирилади.
Шунингдек, улар ташқи рекламани жойлаштирганлик учун тўланадиган пул тушумлари тўғрисида хабардор бўлиши, уларнинг харажатлари тўғрисида ҳисобот талаб қилиши мумкин.
Изоҳ (0)