Тошкент шаҳрида 2022 йил 1 августдан кўп йиллик дарахтлар ва буталар жойлашган бўш ер майдонларини E-auksion электрон-онлайн тизими орқали савдога чиқаришни тақиқланиши кутилмоқда. Бу ҳақда 4 июль куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган президент қарорида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳрида дарахтзор, бутазорлар ва яшил майдонларни кенгайтириш, яшил майдонларни суғориш тизимида замонавий сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда дунёнинг етакчи яшил шаҳарларидан бирига айлантирилади.
2023—2026 йилларда Тошкент шаҳрида манзарали дарахтлар ва кўп йиллик буталарни экиш ва ўғитлашни кўзда тутувчи кўкаламзорлаштириш дастурини амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланади.
Шунингдек, Тошкент шаҳри бўйлаб 2022—2023 йилларда атмосфера ҳавосини ифлосланиш даражасини кўрсатувчи ўлчов воситалари ўрнатилиб, уларни пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги «Рақамли Тошкент» вазиятлар марказига интеграция қилган ҳолда доимий мониторинг тизимини жорий этилади.
Шаҳардан оқиб ўтувчи каналлар ва сув объектларида сувнинг тозалиги ва ифлосланишини доимий равишда лаборатория таҳлиллари асосида ўрганиб, «ифлосланиш ҳудудлари»ни аниқлаш орқали сув тозалигини таъминлаш чоралари кўрилади. Кичик саноат зоналари, ёшлар саноат зоналари ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида ҳосил бўлаётган чиқинди сувларни тозалаш локал станциялари барпо этилиб, чиқинди сувлар тозалангандан сўнг очиқ сув хавзаларига оқизилиши таъминланади.
Изоҳ (0)