Афсонавий боксчи Флойд Мейвезер икки вазн тоифасидаги UFC собиқ чемпиони Конор Макгрегорга 2023 йилнинг март ойида Яқин Шарқда реванш жанги ўтказишни таклиф қилди.
Америкалик собиқ боксчи Конорга 157,9 миллион доллар тўлашга тайёр. Шунингдек, Мейвезер мазкур жанг кечасининг андеркардида Жервонта Дэвис ва Райан Гарсия ўртасидаги беллашув ҳам бўлиб ўтишига умид қилмоқда.
«Флойд худди 30 ёшдагидек машқ қилмоқда. У ҳақиқатан ҳам ажойиб формада. У одамларга Макгрегор билан жанг қилишни хоҳлаётганини айтади, чунки буни осон пул топиш йўли деб ҳисоблайди.
Кўринишидан бу жанг март ойида Яқин шарқда бўлиб ўтади. Балки ўша кечада Дэвис ва Гарсия ўртасида ҳам жанг бўлиб ўтар. Флойд ушбу жанг бокс тарихидаги томошалар учун энг кўп тўланган кеча бўлишини хоҳлайди», — дейди вазиятдан хабардор манба.
Флойд Мейвезер ва Конор Макгрегор ўртасидаги дастлабки бокс жангги 2017 йилнинг ёзида бўлиб ўтган. Унда Мейвезер 10-раундда техник нокаут эвазига ғалаба қозонган эди.
Изоҳ (0)