Россия БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлиб қолишга ҳақи йўқ, деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Россия Хитой, Буюк Британия, АҚШ ва Франция билан бир қаторда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади. Ташкилот низомида доимий аъзони ташкилотдан чиқариш жараёни кўзда тутилмаган.
Зеленский, шунингдек, Россия делегациясини «БМТ Бош Ассамблеясидаги ваколатлари»дан маҳрум қилишга чақирди. «Бунинг иложи бор, бу зарур, бу адолатли. Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашида қолишга ҳақи йўқ», — деди Зеленский Хавфсизлик кенгаши мажлисида видеоалоқа орқали сўзлаган нутқида.
Украина етакчиси фикрича, Россия томони БМТ фаолиятида қатнашишда давом этмоқда ва «ҳатто БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси имтиёзларидан фойдаланмоқда», бу лавозимни «сиёсатчиларнинг совуқ уруш тугаши бўйича калтабинлиги туфайлигина» эгаллаб турибди.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский Зеленскийнинг Хавфсизлик кенгаши мажлисидаги «ғарбпарастлар томонидан босиб юборилган» иштироки ҳақида гапирар экан, Киевнинг вазифаси Ғарбда Украина мавзусидан «чарчоқ»ни бартараф этишга уриниш ва «НАТО саммити иштирокчиларидан кўпроқ қурол тилаб олиш» эканини айтди. «Бунинг учун бутун Украина агитация ва пропагандаси сафарбар қилинмоқда, ҳар қандай қалбаки ҳужжатлар ва саҳналаштирилган томошалардан фойдаланилмоқда», — деди дипломат ва Москва бунга қаршилик кўрсатишини қўшиб қўйди.
Зеленский Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқариб ташлашни аввал ҳам таклиф қилган эди, акс ҳолда, унинг фикрича, орган ўзини ўзи тарқатиб юбориши керак.
Россия доимий вакили Василий Небензя бунга жавобан, низомга кўра, мамлакатни Хавфсизлик кенгаши аъзолигидан маҳрум қилиб бўлмаслигини таъкидлаганди. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд ҳам Америка Киевнинг позициясини тушунишини, бироқ Россияни аъзоликдан чиқариш имкониятини кўрмаётганини айтганди.
Изоҳ (0)