Тошкент вилоятида жойлашган Бўстонлиқ тумани тоғлари, чиройли табиати билан машҳур. Ҳудудда Чимён, Чорвоқ, Амирсой сингари туристик зоналар, юздан зиёд археологик ва маданий мерос объектлари бор. Шу боис Бўстонлиққа дам олиш учун келувчилар кўп. Афсуски, улар орасида табиатни асрашни билмайдиганлари ҳам талайгина.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва «Чорвоқ» дирекцияси оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканлари ва зиёратгоҳларга пресс-тур ташкил этди. «Дарё» мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Айтилишича, Бўстонлиққа кунига 10-12 минг киши, шанба ва якшанба кунлари суткасига 48 минг киши дам олиш учун келмоқда. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам табиатни асрашни билмайди, ўзи билан олиб келган чиқиндиларни махсус идишларга эмас, дам олиш жойлари ва йўллар четига ташлаб кетмоқда.
Туман «Тоза ҳудуд» бўлими маълумотига кўра, 1 июнь куни Бўстонлиқдан 88 тонна чиқинди олиб чиқилган. «Чорвоқ» дирекцияси директори ўринбосари Суна Паркнинг таъкидлашича, сайёҳлар сони ортгани сари ташлаб кетилаётган чиқиндилар ҳажми ҳам кўпаймоқда.
«Қаранг, Бўстонлиқ тоғлари, табиати нақадар чиройли! Лекин шундай гўзалликка ярашмаган бир хунук ҳолат таъбни хира қилади. Яъни айрим сайёҳлар табиатга ёмон муносабатда бўлмоқда. Улар дам олиш масканларига, йўллар четига болалар тагликлари, озиқ-овқат қолдиқлари, пакетлар, пластмасса идишлар ва умуман ўнлаб турдаги чиқиндиларни ташлаб кетмоқда. Бу жуда-жуда хунук ҳолат. Масалан, болалар тагликлари 100 йилгача йўқ бўлмай тураверади, нам салфеткалар 25 йил туради. Бу агар ташлаб кетилган шундай чиқиндилар олиб кетилмаса, узоқ йиллар давомида табиатни ифлослантириб тураверади дегани.
Тўғри, биз ободонлаштириш хизмати билан ҳамкорликда ҳудудда кенг кўламдаги тозалаш ишларини олиб борамиз. Аммо масъулиятсиз сайёҳлар сабаб тўлиқ тозаликка эриша олмаяпмиз. Чунки ҳудуд жуда ҳам катта. Бу ерлар бугун тозаланса, эртага яна ифлосланмоқда», — деди Суна Парк.
Бўстонлиқ тумани Хавфсиз туризмни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини сақлаш бўлими катта инспектори Азамат Аҳмадов ҳудудни ифлослантирганларга чора кўрилишини айтди.
«Бўстонлиққа кираверишда ҳудуд тозалиги қоидаларига риоя қилиш тўғрисида плакатлар илиб қўйилган. Яъни ҳудудга турли чиқиндилар ташлаб, уни ифлослантирганлар маъмурий жавобгарликка тортилади. Масалан, 2022 йил бошидан бери ободонлаштириш қоидаларини бузган 120 нафар фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирилди. Афсуски, тозалик қоидаларига амал қилмаётган фуқаролар сони кўпаймоқда.
Тўғри, бу ерга келган ҳамма ҳам чиқинди ташлаб кетмайди. Баъзи одамлар ўзлари ўтирган жойларини ҳам тозалаб кетишади. Биз бундан хурсанд бўламиз. Чунки Бўстонлиқ бизларнинг уйимиз. Баъзилар эса йўл четларига чиқинди ташлаб кетишади. Бу ерга Россия, Қозоғистон, Қирғизистондан ҳам меҳмонлар келади. Сайёҳлар келганда шу жойларимизга қараб ўзбек халқининг маданиятига баҳо бериб кетади», – деди инспектор.
Масъулларга кўра, инсонларда фуқаровий жавобгарлик бўлмас экан, барча ободонлаштириш хизмати ходимлари жалб қилинса ҳам ҳудуд тоза бўлиб қолмайди.
Изоҳ (0)