Қозоғистонда ичида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобусда ёнғин чиққани тўғрисида хабар берилганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Маълум қилинишича, Ғарбий Европа—Ғарбий Хитой республика аҳамиятидаги автомобиль йўлининг 544-километрида, Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида 15 июнь куни тахминан соат 03:00 да юк машинасида ёнғин бошланиши натижасида қатнов тўхтаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги бошқа юк машинаси бошқарувни йўқотиб, тўхтаб турган 4 та машинага урилган ва оқибатда ушбу транспорт воситалари ёниб кетган.
Ушбу ҳодисалар оқибатида 1 киши вафот этган, 10 киши (шундан 3 нафари Ўзбекистон фуқароси) эса тан жароҳати олган. Жароҳат олганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган. Вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.
«Ҳозирги вақтда ҳодиса Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташеси томонидан назоратга олинган», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг мартида Қозоғистонда 26 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетган, 2019 йилда Қозоғистонда Россиядан қайтаётган ўзбекистонликлар иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 2018 йил январида Ақтўбе вилояти ҳудудида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ёниб кетган ва 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)