Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилар томонидан айрим ҳудудларда меҳнат таътили тўлови кечикаётгани ва камайтириб тўлаш ҳолатлари юзасидан келиб тушган мурожаатларга жавоб қайтарди.
Маълум қилинишича, 2022 йилда педагог ходимларга Меҳнат кодексига мувофиқ йиллик меҳнат таътили берилиб, бир йил давомида тўлиқ ишлаган ўқитувчиларга 48 кун ҳисобидан тўлиқ меҳнат таътили пуллари тўлаб берилади.
Ишга кирганига бир йил бўлмаган ўқитувчиларга эса меҳнат таътили пули уларнинг ишлаган даврига мутаносиб равишда тўланади (бунда меҳнат таътили даври 48 кундан иборат бўлади).
Таъкидланишича, UzASBO дастурий мажмуасида меҳнат таътили тўловларини амалга оширишда кузатилган техник носозликлар тезкор равишда тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда бартараф этилиб, ушбу тўловларни амалга ошириш имконияти қайта тикланган.
«Бугундан бошлаб мактаб ходимларига меҳнат таътили тўловлари тўлаб борилади. Меҳнат таътили тўловларини амалга оширишда муаммо ва тушунмовчиликлар юзага келганда вазирликнинг 71 202-09-09 ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин», — дейилади изоҳда.
Аввалроқ ХТВ ўқитувчиларга аттестациядан ўтиш, тоифа ва устама олишда ёрдам бўлувчи сертификатлар йўқлигидан огоҳлантирганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)