Запорожье вилоятида Россияга қўшилиш бўйича референдум йил охиригача ўтказилади, тегишли қарор аллақачон қабул қилинган. Бу ҳақда Россия истилосидан кейин ҳудудда тузилган «ҳарбий-фуқаролик бошқаруви» аъзоси Владимир Рогов «РИА Новости»га маълум қилди.
«Запорожье вилоятида Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўришни бошлаш тўғрисида умумий қарор қабул қилинди. Референдум шу йил бўлиб ўтади. Тайёргарлик бир неча ой давом этади», — дейди фаол.
Унинг қўшимча қилишича, бўлажак референдумга оид масалаларнинг матни тез орада тақдим этилади.
7 июнь куни Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Сергей Кириенко Запорожье вилоятига ташриф буюрди — у вилоятнинг Мелитопол шаҳрига келди. Шундан сўнг Россия давлат матбуоти томонидан «Мелитопол ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари» сифатида таърифланган Галина Данилченко «референдумга тайёргарлик» бошланганини эълон қилди. У гап қандай референдум ҳақида кетаётгани ва унинг қачон ўтказилишига аниқлик киритмаган эди.
Кириенко Украинанинг босиб олинган ҳудудларига ташриф буюрган энг юқори мартабали россиялик амалдорга айланди. 7 июнь куни у Херсонга ҳам келди. Россия босқинидан кейин тузилган «Херсон вилояти ҳарбий-фуқаролик бошқаруви» вакиллари ҳам ҳудуднинг тез орада Россия таркибига киришига ишонч билдирган эди.
Россия қонунчилигига кўра, хорижий давлат ёки унинг бир қисми ушбу давлат раҳбариятининг розилигисиз Россияга қўшилиши мумкин эмас. Шунинг учун 2014 йилда Қрим дастлаб мустақиллик декларациясини қабул қилган, кейин эса Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказган.
Изоҳ (0)